Шавкат Мирзиёев тарихий қарорга муносабат билдирди
ЮНEСКО Бош Ассамблеяси қарори ўзбек дипломатияси ғалабаси сифатида баҳоланган.
Парижда бўлиб ўтаётган ЮНEСКО Бош Ассамблеясида навбатдаги 43-сессияни 2025 йилда Самарқандда ўтказиш расман маъқулланди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мазкур тарихий воқеага муносабат билдирди.
"Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан барча хорижий дўстларимиз ва шерикларимизга ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда қадим Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарорни қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдираман.
Минтақамизда биринчи марта ўтадиган ушбу муҳим глобал миқёсдаги тадбир халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг улкан цивилизацион салоҳиятини яна бир бор намойиш этишга хизмат қилади, деб ишонаман.
Ўз навбатида, Ўзбекистон бўлажак сессияни энг юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча кучини сафарбар этади" дейди президент .
Бош Ассамблеянинг сессияси охирги марта Париждан ташқарида 1985 йилда (София шаҳри, Болгария) бўлиб ўтган.