Нега хавфли касаллик – ОИТСга қарши тест топшириш ихтиёрий?

Республика ОИТСга қарши курашиш маркази бўлим бошлиғи билан шу ҳақида суҳбатлашдик. 

Интервью
23 ноябрь 2023 йил
Нега хавфли касаллик – ОИТСга қарши тест топшириш ихтиёрий?

Республика ОИТСга қарши курашиш маркази Услубий прафилактика ва эпидемияга қарши тадбирларни ташкил этиш бўлими бошлиғи Анваров Шоакбар Шоаброровичга саволлар билан мурожаат қилдик.

– Чет элдан қайтган фуқаролар учун ОИВ ва шу каби юқумли касалликларни аниқлаш тизими қандай?

– Тизим мавжуд, узоқ муддат, яъни 3 ой ва ундан кўп чет элда бўлиб қайтган фуқаролар рўйхати чегара назорати томонидан ҳудудий оилавий поликлиникаларга берилади ва бириктирилган мутахассис томонидан тест топшириш кераклиги ҳақида ушбу фуқаролар огоҳлантирилади. Фуқаролар ҳудудий оилавий поликлиникалар ҳамда ОИТСга қарши курашиш марказларига бориб бепул, аноним тарзда ОИВ инфекциясига тестдан ўтишлари мумкин.

– ОИВ инфекциясига тест топширгандан сўнг натижа неча кунда маълум бўлади?

– Экспресс тестлар амалиётга жорий этилган, бунда тест натижаси 20 дақиқада маълум бўлади. Бундан ташқари, жорий йилнинг 27 ноябридан 5 декабрига қадар “Соғлом ҳаёт сари биргаликда” шиори остида ташкилллаштирилаётга тестдан ўтиш ҳафталигида тери бутунлиги бузилмай (қон орқали эмас, сўлак орқали) тест топшириш мумкин.

– Нега чет элдан қайтган фуқаролар учун тест топшириш мажбурий эмас?

– ОИВ инфекцияси ҳақида атрофлича маълумотга эга инсон шундоқ ҳам ўз розилиги билан тест топширади, ўзи ҳамда оила аъзоларининг ҳаётини хавф остига қўймайди. Мажбурий тартибни ташкил қилишга келадиган бўлсак, бу халқаро ҳуқуқ нормаларига ва қонунчиликка тўғри келмайди.

– Тест топшириш доимо бепул ва анонимми?

– Ҳа, тест топшириш доимо бепул ва фуқаро истагига кўра аноним тарзда ўтказилади. Фақат баъзи давлатлар томонидан ОИВ инфекциясининг таҳлил натижаси бўйича фуқароларимиздан сертификат талаб қилинади, айнан шу ҳолатдагина пуллик хизмат асосида сертификат олишлари мумкин.

– Фикримизни фоизларда ифодалайдиган бўлсак, 2023 йил ҳисобида қанча фуқаро чет элда ОИВ инфекциясини юқтиргани аниқланди?

– Жорий йил 10 ой ҳисобидан оладиган бўлсак, ОИВ аниқланган беморларнинг 30% дан ортиғини меҳнат мигрантлари ташкил қилади.

– ОИВ инфекцияси тарқалиши олдини олиш учун мамлакатимизда нималар қилиняпти?

– Бу борада давлатимиз раҳбарининг қарорлари, Вазирлар маҳкамаси қарори ва тегишли давлат дастурлари асосида кенг кўламдаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биргина мисол: яқинлашиб келаётган Бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш куни муносабати билан 27 ноябрдан 5 декабрга қадар тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Тадбир доирасида тарқатма материаллар, жамоат транспортларида, аэрапортларда роликлар, эълонлар огоҳликка чақириш мақсадида ҳавола қилинмоқда. Бундан ташқари, ОАВ вакиллари билан ҳамкорликда матбуот анжумани ўтказилиб, журналист ва блогерлар ҳам ОИВ инфекцияси бўйича тарғибот ишларини олиб боришмоқда.

– ОИВ инфекцияли беморларнинг яқинларига қандай тавсия берган бўлардингиз?

– Бизда махсус психологлар бу борада фаолият кўрсатишади. Энг аввало ОИВ инфекцияси бу ҳаёт тугади дегани эмас, эрта босқичда даво бошлаш орқали бемор умр давомийлигини узайтириши мумкин. ОИВ инфекцияси ҳаво-томчи йўли орқали юқмайди. Ушбу инфекция қон орқали, ҳимояланмаган жинсий йўл ва ОИВ билан зарарланган онадан болага (табиий туғуруқ жараёнида ёки она сути орқали) юқиши мумкинлигини инобатга олиб, ОИВ инфекцияли фуқаролар билан бирга таълим муассасаларида ўқиш, ташкилотларда бирга ишлаш, умумий ресторанларда бирга таомланиш вақтида юқмайди. ОИВ инфекциясини юқтириб олган инсонлар барча фуқаролар каби тенг ҳуқуққа эга бўлиб, ОИВ мақоми юзасидан камситиш ва дискриминация қилиш мумкин эмас.

Мафтуна Ёдгорова суҳбатлашди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+