Ўзбекистон хорижда бўлган фуқароларини мажбурий ОИВ тестдан ўтказадиган илк мамлакатга айланмоқда
Бу ҳақдаги қонунни сенат маъқуллади. Бу айниқса меҳнат муҳожирларини қийнаб қўяди. Жамоатчилик эса эътирозларини тўхтатмаяпти.

Узлуксиз 90 кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқароларини мажбурий ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш белгиланмоқда.
Сенат кеча ялпи мажлисда “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларни маъқуллаган.
ОИВ тести Ўзбекистон фуқаролари учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистонга келган чет эл фуқаролари эса ўз маблағлари, иш берувчининг ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Бундан ташқари, ОИВ/ОИТС ва сил касаллиги аниқланиши Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома беришни рад этиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.
Жамоатчилик эътирозлари
Иқтисодчи блогер Отабек Бакиров сенатни баҳсли қонунларни филтр қилолмасликда айблаган.
"Яхши хабар йўқ: сенаторлар Одам IMEI қонунини маъқуллаб беришган
Сенат баҳсли қонунлардан яна биттаси бўйича, афсуски, кутилган филтр вазифасини бажара олмаган. Ўзбекистон хорижда бўлган фуқароларини мажбурий ОИВ тестдан ўтказадиган биринчи мамлакатга айланади.
Инсон ҳуқуқлари ва Ўзбекистон қабул қилган конвенциялар масаласини қўя турайлик, бутун моҳияти бўйича худди UzIMEI сингари ишлайдиган Одам IMEI мажбурияти бюджетга юзлаб миллиард қўшимча харажатларни юклайди (бюджет тўлиб-тошишни бошлади-ку). Миллионлаб ўзбекистонликларни овораи сарсон қилиш эвазига қайсидир чўнтак тайёр буюртмаларга эга бўлади (постпандемия пайтидаги Махсус комиссиядан соққа-ёрлиқ олган аэропортдаги қиммат ва мажбурий тестлар эсингиздадир?).
Энди қизиқ, Одам IMEI’дан ўтмаганларнинг ID картасини ўчириб қўйишадими (UzIMEI товонини тўламаганларнинг телефонини ўчириб қўйишгани сингари)? Ёки баҳордан қишгача хорижда ишлаб ё ўқиб, янги йилга ё ҳайитга 3 кунга келган ватандошларни қайтиб Ўзбекистондан чиқармай қўйишадими? Янги тақиқ ижроси учун яна қанақа тақиқлар ўйлаб топиларкин? Ундан кўра ўша қайсидир чўнтак ишлаб топмоқчи бўлаётган фалон юз миллиардни бошимиздан айлантириб садақа бериш арзон тушмайдими?"
"Айтайлик, бошқа, нормал давлатлардаги каби, ҳудудлар ва одамлар манфаатини ифода этувчи Сенатимиз бўлганида, бунақа антиижтимоий қонунларни муҳокамага киритмай қайтарган бўларди. Ўзбекистон номи, имижи, очиқлик ва халқпарварлик сиёсатига зид бу дея, ялпи йиғилиш вақтини тўғри тақсимлаш учун Ташқи ишлар вазирини чақирган, нега Қозоғистон Албания, Сербия ва Черногория билан визасиз режимига эга, қозоқ қардошлардан қаеримиз кам, нега визасиз давлатлар сони бўйича “Қирғизистондан орқадамиз” дея масалани кўндаланг қўйган бўларди".
Иқтисодчи Ботир Кобилов:
“Масалан мен буни топширмоқчи эмасман. Аэропортдан кирғазишмайдими йўқ десам? Майли, начора дейман”.