
Тошкентда янги йўл ўтказгич қурилади
Бу қулайлик натижасида ҳайдовчи ва йўловчиларнинг вақти ҳозиргига нисбатан 20-30 дақиқага тежалади, ҳаракат хавфсизлиги ошади.
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида “Янги Ўзбекистон” кўчаси ва 4R12 магистрал йўли кесишувида қуриладиган йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишди.
Бу кесишмада транспорт боғламаси қуриш мўлжалланган. Лойиҳага кўра, бу ерда 1 та кўприк, 3 та туннел, 4 тадан айланма ва қўшимча йўллар барпо этилади. Буларнинг эвазига чорраҳа биронта ҳам светофорсиз — “яшил чорраҳа” бўлади. Бу қулайлик натижасида ҳайдовчи ва йўловчиларнинг вақти ҳозиргига нисбатан 20-30 дақиқага тежалади, ҳаракат хавфсизлиги ошади.
Сўнгги йилларда бу икки йўлда қатнов ортди. Бўстонлиқ ва Паркент туманларига бораётган сайёҳлар сони ҳам аввалги йилларга қараганда бир неча баробар кўпайди ва яна ошади. Шунингдек, бу кесишма келажакда Янги Тошкент шаҳрига олиб борадиган асосий йўл бўлади.