Зироат Мирзиёева Ғазодаги жанговар ҳаракатларни тўхтатишга чақирди
Ўзбекистон биринчи хоними ҳудуддаги аҳолига гуманитар ёрдам етказиш учун имконият яратиш лозимлигини ҳам айтган.
Ўзбекистон Биринчи хоними Зироатхон Мирзиёва Туркиянинг Биринчи хоними Эмине Эрдўғоннинг таклифига биноан 15 ноябрь куни “Фаластинда тинчлик учун биргаликда” саммитида иштирок этди. Унда Зироат Мирзиёева ҳар икки томонни ҳам зудлик билан ўт очиш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатишга, танг аҳволда қолган аҳолига гуманитар ёрдам етказиш учун имконият яратишга, низони фақатгина тинч, дипломатия йўли билан "икки халқ учун икки давлат" тамойили асосида ҳал этишга чақириб, Ўзбекистоннинг бу борадаги қатъий позициясини яна бир бор билдирди.
Учрашув Ғазодаги тинч аҳолининг азоб-уқубатларига чек қўйиш ва Фаластин-Исроил низосига ечим топиш йўлида қатъий бирдамликни намойиш этиш мақсадида ташкил этилди.
"Минг афсуски, халқаро ҳамжамиятнинг кучли эътирози ва босимига қарамай, ҳалокат ва вайронагарчилик кўлами мисли кўрилмаган даражада ортиб, унинг охири сира кўринмаяпти. Натижада қуролли тўқнашувларга минтақадаги янги кучларнинг тортилиш эҳтимоли тобора кучаймоқда...
Ўзбекистон халқи Фаластиннинг тинч аҳолиси бошига тушган кулфат ва қайғу-аламларни юракдан ўтказмоқда", - дея маълум қилган Ўзбекистоннинг Биринчи хоними.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакат Фаластин халқи билан бирдамлигини айтиб, БМТнинг Яқин Шарқ бўлимига 1,5 млн. доллар ажратганди.