HUMO карталардан пул ўғирланганини рад этди
HUMO тўлов тизими маъмурияти ушбу ҳолатга изоҳ берди.
HUMO тўлов тизими маъмурияти банк карталаридан катта миқдорда пуллар ўғирлангани ҳақидаги хабарларни рад этди. Пул йўқолган карталар фақат HUMOга тегишли бўлмаган.
"Бугун бир нечта ижтимоий тармоқ саҳифаларида, хусусан, Телеграм каналларда гўёки хакерлар Ўзбекистон банкларига ҳужум қилишгани ва HUMO карталаридан йирик миқдорда пул ўғирлагани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Миллий банклараро процессинг маркази шуни маълум қиладики, ушбу маълумотлар ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди. HUMO тўлов тизими барча хавфсизлик талабларига жавоб беради ва тизимга бевосита ҳеч қандай киберҳужум содир бўлмаган", дейилади хабарда.
Аввалроқ 11 ноябрга ўтар кечаси ва эрта тонгда айрим фуқароларнинг банк карталаридан катта миқдордаги пуллар ғойиб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Норасмий маълумотларга кўра, бу ҳолатда банк тизими сервер даражасида бузилган, бунинг натижасида фирибгарлар мамлакат банкларидан бирининг иловаларидан бирида рўйхатдан ўтган карталарга ҳеч қандай муаммосиз кириш ҳуқуқига эга бўлишган.