Гўдаклар ўлдирилишини ноҳақлик деб биламиз — Абдулла Арипов
Ўзбекистон бош вазири Саудия Арабистонида ўтган араб ва мусулмон мамлакатлари давлат ҳамда ҳукумат раҳбарларининг навбатдан ташқари саммитида қатнашди.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Саудия Арабистонида ўтган араб ва мусулмон мамлакатлари давлат ҳамда ҳукумат раҳбарларининг навбатдан ташқари саммитида Ўзбекистон Фаластин билан бирга эканини яна бир бор қатъий билдирди.
“Гўдаклар ўлдирилишини қабул қилиб бўлмайдиган ноҳақлик деб биламиз. Биз қуролли тўқнашувларда ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий таъзиямизни изҳор қиламиз”, деди Абдулла Арипов.
Шунингдек, Абдулла Арипов Ўзбекистон Фаластиннинг БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг муқаддам қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Бундан ташқари, Арипов барча аъзо давлатларни муқаддас Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа табаррук масканларнинг дахлсизлигини таъминлаш учун ўз имкониятларини сафарбар этишга чақирди.