
Макрон Ғазодаги ўлимлар ҳақида кескин гапирди, Исроил жавоб қайтарди
Франция президенти Исроилни "бас қилиш"га чақирди.
Франсия президенти Эммануэл Макрон BBC билан суҳбатда Исроилни тинч аҳолиси ўлаётган Ғазо секторини бомбардимон қилишни бас қилишга чақирди. Шу билан бирга, Макрон Франция ҲАМАС томонидан содир этилган ҳаракатларни кескин қоралашини айтган.
"Де-факто - бугун тинч аҳоли бомбаланмоқда - де-факто. Болалар, аёллар, қариялар бомбардимон қилинмоқда ва ўлмоқда. Бунинг учун ҳеч қандай сабаб ва қонуний асос йўқ. Шунинг учун биз Исроилни тўхташга чақирамиз”, — деди Макрон Ғазо уруши ва гуманитар ёрдам бўйича халқаро конференциядан сўнг Елисей саройида берган интервюсида.
Исроил халқаро ҳуқуқни бузяптими, деган саволга Макрон бу унинг ҳукм қилиш жойи эмаслигини айтди.
Макрон Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олади, бироқ айни пайтда ўт очишни тўхтатиш исроилликларнинг ўзига ҳам фойда келтиришига ишонади. "Шунинг учун биз уларни бу портлашларни тўхтатишга чақирамиз", деди Франция президенти.
Ўз навбатида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Макронга жавоб қайтарди.
Нетаняхунинг айтишича, жаҳон ҳамжамияти Исроилни эмас, ҲАМАСни қоралаши керак. Бош вазир ҳозирги қарама-қаршилик чоғида Ғазо сектори тинч аҳолининг ўлими учун тўлиқ жавобгарликни ҲАМАС ҳаракати зиммасига юклади.
Нетаняҳунинг иддаосига кўра, Исроил армияси тинч аҳолига зарар етказмасликка ҳаракат қилади ва уларни жанглар кетаётган ҳудудларни тарк этишга ундайди, ҲАМАС эса улардан “қалқон” сифатида фойдаланади.
Нетаняху ўз баёнотида "ҲАМАСнинг Ғазодаги жиноятлари" тез орада Париж, Нью-Йорк ва бутун дунёда такрорланиши мумкинлиги билан таҳдид қилди.