Шавкат Мирзиёев бугуннинг ўзида тўрт давлат раҳбари билан учрашув ўтказди
Тошкентда йирик Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтмоқда.
Тошкентда ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити тадбирлари доирасида 9 ноябр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир нечта давлат раҳбарлари билан учрашди.
Жумладан, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий билан учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, инвестициялар, инновациялар ва транспорт соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Илгари олий даражада эришилган келишувларни тўлиқ рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалиги, логистикада ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ва Эрон раҳбарлари маданий-гуманитар ва илм-фан соҳасидаги алмашинувларни ривожлантириш муҳимлигини кўрсатиб ўтдилар.
Шунингдек, минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан Афғонистондаги бугунги вазият нуқтаи назаридан кўриб чиқилди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан музокара ўтказди.
Давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзаро савдони кўпайтириш, машинасозлик, энергетика, электротехника, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича, шу жумладан Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида мувофиқлашган ишларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Ҳудудлар ўртасидаги ишбилармонлик алоқалари ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига келган Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди.
Суҳбат аввалида Туркманистон Президенти Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва тилакларини етказди.
Бундан ташқари Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитининг асосий тадбирларида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди.
Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Мунтазам ўтказиб келинаётган олий даражадаги мулоқотларда эришилган келишувларнинг натижалари катта мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсмоқда, автомобиль, электротехника, тўқимачилик саноатида, энергетика тармоғида, қишлоқ хўжалиги, логистика ва бошқа устувор йўналишларда муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Маданий-гуманитар тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарлари амалий ҳамкорлик дастур ва лойиҳаларини илгари суриш борасида биргаликдаги ишларни жадал давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар, дейилади хабарда.