Мирзиёев бир қатор лидерлар билан учрашувлар ўтказди
Улар орасида Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Садир Жапаров каби раҳбарлар бор.
Президент Шавкат Мирзиёев 8 ноябр куни бир қатор сиёсий арбоблар билан учрашув ўтказди.
Жумладан, Мирзиёев 8 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) бош котиби Хусрав Нозирийни қабул қилди.
Бирлашма доирасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ушбу кўп томонлама тузилмалар фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, савдо, транспорт, инвестициялар, инновациялар, экология, туризм соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити тадбирлари доирасида Бош вазир Анвар ул-Ҳақ Какар бошчилигидаги Покистон делегацияси билан музокара ўтказди.
Икки томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Турли даражаларда фаол мулоқот олиб борилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми йил бошидан буён 40 фоизга ошди. Тўқимачилик, кимё, фармацевтика ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Йигирмата қўшма корхона ташкил этилди.
2024-2025 йилларга мўлжалланган Саноат кооперацияси дастурини тез фурсатда қабул қилиш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш учун савдо тўсиқларини бартараф этиш ва қулай шароитлар яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро савдо ҳажми жадал суръатда ўсмоқ, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа устувор йўналишларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Тадбирларга бой маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури рўёбга чиқарилмоқда.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этдилар.
Давлат раҳбарлари Марказий Осиё минтақасидаги йирик инфратузилма лойиҳаларини тез фурсатда бошлаш масалаларига алоҳида тўхталдилар.
Бугун шунингдек, Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаол давом эттирилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми, тўғридан-тўғри авиақатновлар сони, сайёҳлар оқими ортиб бормоқда.
Мамлакатимизда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Йил бошидан 500 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри сармоялар жалб қилинди, 200 дан зиёд янги корхоналар ташкил этилди.
Савдо, саноат, инновациялар, энергетика, транспорт, таълим, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳа ва дастурларни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриб чиқилди.