Эрон президенти Исроил "қизил чизиқ"дан ўтганини айтди
27 октябр куни Исроил кучлари Ғазо бўйлаб шиддатли ҳужумларни бошлади.
Эрон президенти Иброҳим Раисий Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари “чора кўришга мажбурлаши мумкин бўлган қизил чизиқни кесиб ўтганини” айтди.
“Вашингтон биздан ҳеч нарса қилмасликни сўрайди, лекин ўзлари Исроилни фаол қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. AҚШ “Қаршилик кўрсатиш ўқи”га сигналлар юборди, аммо жанг майдонида аниқ жавоб олди”, — деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
"Қаршилик ўқи"га Яқин Шарқда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган кучлар, жумладан, ҲАМАС ҳам киради.
AҚШ расмийлари Эронни кенгроқ минтақавий можаронинг олдини олиш мақсадида урушга аралашмаслик ҳақида огоҳлантирмоқда.
Раисий аввалроқ Эрон AҚШ огоҳлантиришларига қулоқ солиш нияти йўқлигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 27 октябр куни Исроил кучлари Ғазодаги ҳужумларни кескин кучайтирди. Маълумотларга кўра, ҳудудда ҳалок бўлганлар сони 8 минг нафардан ошиб кетган.
Ғазо секторидаги миллионлаб одамлар ташқи дунёдан узилиб қолди.