Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси фуқаролик учун аризалар қабулини тўхтатди
2023 йил 1-чорагида 106 мингдан кўпроқ хорижлик Россия фуқаролигини қабул қилган.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси фуқаролик олиш учун аризаларни қабул қилишни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда дипломатик ваколатхонанинг Телеграм канали хабар берди.
"Фуқаролик масалалари бўйича аризаларни қабул қилиш (фуқароликнинг мавжудлиги/йўқлиги тўғрисида сўровлар бундан мустасно) Фуқаролик масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилингунга қадар тўхтатилади”, — дейилади хабарда.
Аризаларни қабул қилиш яна қачондан бошланиши аниқ айтилмаган.
Таъкидлаш керакки, 2023 йил 1-чорагида 106 мингдан кўпроқ хорижлик Россия фуқаролигини қабул қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35 минг кишига кам.
Жорий даврда Россия фуқаролиги учун ариза берганлар орасида эса Тожикистон фуқаролари биринчи ўринда. Ўзбекистон эса дастлабки ўнталикка кирган.