platina.uz

Мирзиёев Қашқадарёда: президент шифохонадаги ҳолатни жиддий танқид қилди

Президент дастлаб “Sulton Tex Group” кластерининг тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди.

Жамият
24 октябрь 2023 йил
Мирзиёев Қашқадарёда: президент шифохонадаги ҳолатни жиддий танқид қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи билан танишиш мақсадида 24 октябрь куни Қашқадарё вилоятига келди.

Давлатимиз раҳбари бутун фаолияти давомида ҳар бир соҳа бўйича бевосита жойларга чиқиб, халқ билан мулоқот қилиб, аҳоли ҳаётидан келиб чиқиб иш юритади. Мамлакатимиз ҳудудларига ташрифлардан асосий мақсад — қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини кўтариш, туманларни саноатлаштириш, иш ўринларини кўпайтириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш.

Бу жиҳатлар Қашқадарё вилоятига ташрифда ҳам намоён. Давлатимиз раҳбари дастлаб “Sulton Tex Group” кластерининг тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди.

Бу корхона умумий қиймати 8 миллион 200 минг долларлик лойиҳа эвазига ўтган йили ишга тушган. Замонавий технология ва ускуналар самарасида йилига 5 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш қуввати яратилган.

Эътиборлиси, кластер “янги маҳсулот — янги давлат” принципи асосида экспортни йўлга қўйган. Бугунги кунда сифатли товарлар Америка Қўшма Штатлари, Канада, Польша, Сингапур, Россия каби мамлакатларга тўлиқ экспорт қилинмоқда. Даромад, иш унумдорлиги ҳам шунга яраша юқори. Кластерда пахта етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжирида 3 мингга яқин аҳоли меҳнат қилмоқда.

Президент корхонадаги иш жараёни билан танишди. Бундай лойиҳаларнинг вилоят иқтисодиёти ва аҳоли бандлигидаги аҳамияти ҳақида фикр билдирилди. Мутасаддиларга бу соҳада имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди.

— Аҳоли, айниқса, қишлоқ жойлардаги одамларга муносиб турмуш шароитлари яратиш ислоҳотларимизнинг асоси бўлиши керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, Қашқадарё вилоятида юртимиздаги энг кўп пахта етиштирилади. Лекин уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотга айлантириш ҳажми кам. Масалан, мато тўқиш ва бўяш йўлга қўйилса, туманларда қўшимча 60 минг кишини банд қилиш мумкин.

Шу мақсадда “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастури “Султон стайлз” корхонасида ҳам татбиқ этилмоқда. Амалий мономарказ ташкил этилиб, ишсиз аҳолини тўқимачилик касбига ўргатиш йўлга қўйилмоқда. Бу жараён икки босқичли бўлиб, аввал хотин-қизларга корхонадаги технология ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш, меҳнат хавфсизлиги қоидалари ўргатилади. Кейинги босқичда улар мураббийларга бириктирилиб, бевосита иш ўринларида амалий билим ва кўникмаларни эгаллайди.

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи чоғида режадан ташқари тарзда Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига борди.

Унинг биноси ўтган асрнинг 60-70-йилларида қурилган. Шифохона 228 бемор ўрнига ва поликлиника 250 қатновга мўлжалланган. Ҳозирда тумандаги 243 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Лекин бу ердаги шароитлар шунча қамровга ва замон талабига мос эмас. Айрим жиҳозларни янгилашга зарурат бор.

Президент тиббий бўлимлар ва хоналарга кириб, асл аҳволни кўздан кечирди. Бу ерга келган беморлар билан суҳбатлашди.

– Бугун Қашқадарёга келишимиздан мақсад вилоятнинг 3 ярим миллионлик аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш, оғирини енгил қилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш. Йўлдан ўтиб кетаётиб, шифохона қандай экан, деб кирдим. Ҳолатни ўзим кўриб, оддий одамлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, қарор қабул қилиш – менинг энг катта мақсад-муддаом. Аввал ҳам айтганимдек, таълим билан тиббиёт сифатли бўлса, одамлар рози бўлади. Кўп жойларда шифохоналарни яхши қилдик. Лекин Қарши туманидаги шароит менга маъқул эмас. Бугун кўрганларимдан хулоса қилиб, бу ерда янги шифохона қурамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга бўлажак мажмуа ўрни ва лойиҳаси бўйича таклиф киритиш вазифаси қўйилди. Келгусида у энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади ва дори воситалари билан бепул таъминланади. Туман тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган бир гуруҳ шифокор ва ҳамширалар хорижга малака оширишга юборилади. Шу тариқа бу маскан бошқа туман шифохоналари ходимлари учун ўқув-амалиёт марказига айланади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+