Президент аномал совуқда кўчада исинганлар маҳалласига борди
Аномал совуқда бу ердаги аҳоли уйида газ ва чироқ йўқлигидан кўчада олов ёқиб исинган ва овқат пиширган эди.
Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ўтган қишдаги аномал совуқда иссиқлик таъминотида узилишлар бўлган Оқтепа ва Боғзор маҳаллаларига борди.
Аномал совуқда бу ердаги аҳоли уйида газ ва чироқ йўқлигидан кўчада олов ёқиб исинган ва овқат пиширган эди. Давлат раҳбари у ерда янги ишга туширилган когенерация иншоотини кўздан кечирди.
Оқтепа ва Боғзор маҳаллаларида 50 та кўп қаватли уй, 7 та ижтимоий муассаса ва ўнлаб тадбиркорлик шохобчалари бор. Ушбу ҳолатнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун бу ерда бир вақтнинг ўзида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарадиган когенерацион қурилмалар ишга туширилди. Улар соатига 4,6 МВт электр энергияси ҳамда 29 гигакалориядан ортиқ иссиқлик ишлаб чиқариш қувватига эга.
Туркиянинг Iltekno компанияси билан биргаликда амалга оширилган лойиҳага Германиядан газ-поршенлар ҳамда Bosch қозонлари келтириб ўрнатилди. Шунингдек, қозонхонадан истеъмолчиларгача бўлган барча иссиқлик таъминоти инфратузилмаси реконструкция қилинди. Иссиқлик магистрали алмаштирилди, ҳар бир турар жой биноси ва ижтимоий объектларда алоҳида иссиқлик тақсимлаш пунктлари ўрнатилди. Жами 13 минг метр узунликдаги иссиқлик тармоқларини янги, изоляцияли қувурларга алмаштириш ҳисобига тўлиқ ёпиқ тизимга ўтказилди ва йўқотишлардан ҳимоя қилинди.
Лойиҳанинг яна бир самарали жиҳати — иссиқлик тақсимлаш пунктлари махсус датчиклар билан жиҳозланган. Ҳаво совиб ёки исиб кетишига қараб, уй ичидаги ҳарорат мўътадил сақлаб турилади.
Мажмуа ишга туширилиши натижасида йилига 5,3 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади. Атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи моддалар 67 фоиз камаяди, оқова сув ташланмалари эса умуман бўлмайди.
Боғзор ва Оқтепа маҳаллаларидаги трансформаторлар алмаштирилди, электр узатиш тармоқлари янгидан тортилди. Бунга қўшимча, кўп қаватли уйлар тепасига қуёш панеллари ўрнатилмоқда.