platina.uz

Камар тақмаган йўловчи жаримага тортилмайди

Тайёрланган видеороликда олд ўриндиқдаги йўловчи ҳам жаримага тортилади, деган маъно англашилгани омма орасида тушунмовчиликларга сабаб бўляпти.

Жамият
10 октябрь 2023 йил
Камар тақмаган йўловчи жаримага тортилмайди

Шу кунларда нафақат машина ҳайдовчиси, балки унинг ёнидаги ўриндиқда ўтирган йўловчи ҳам хавфсизлик камарини тақмагани учун жазога тортилиши кўп муҳокамага сабаб бўляпти. Бу талаб бажарилмаган ҳолларда БҲМнинг 50 фоизи, яъни 165 минг сўм миқдорида жаримага тортиш ҳам бошлаб юборилди, деган хабарлар тарқалган.

Чунки ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги жамоат хавфсизлиги департаменти йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тайёрлаган видеороликда йўловчи ҳам жаримага тортилади, деган маъно англашилгани омма орасида тушунмовчиликларга сабаб бўляпти.

Аввал хабар қилганимиздек, эндиликда кузатув камералари ҳаракат вақтида хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчиларни ҳам қайд этади.

Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги департаменти йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълум қилишича, ҳайдовчиларнинг машинани бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси биринчи қисмига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Яъни, машина бошқараётган ҳайдовчи ва олд ўриндиқдаги йўловчилар ҳаракатни бошлашдан олдин хавфсизлик камарларини тақиб олишлари шарт, бироқ ҳайдовчи ёнидаги йўловчи камар тақмаганда унга жарима қўлланилмайди.

Бу тушунмовчиликлар юзасидан изоҳ сўраганимизда, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати раҳбари, подполковник Азизхон Муродов қуйидагиларни маълум қилди: машина ҳайдовчиси ёнидаги йўловчи хавфсизлик камарини тақмагани учун жаримага тортилмайди. Лекин мавжуд қонунчилик талабаларига кўра, хусусан, Йўл ҳаракати қоидаларининг 11-бандига кўра, ҳайдовчи машинада ҳаракатланишни бошлашдан олдин йўловчиларни хавфсизлик камарини тақиш ҳақида огоҳлантиришга мажбур.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+