Афғонистонда даҳшатли зилзила: камида 120 киши ҳалок бўлган
Зилзила эпицентри Ҳирот шаҳридан 40 км узоқликда жойлашган.
Aфғонистон ғарбида, Эрон билан чегара яқинида 6,3 магнитудали зилзила содир бўлди. Камида 120 киши ҳалок бўлди, аммо қурбонлар сони яна сезиларли даражада ошиши мумкин. Мингга яқин киши жароҳатланган.
Зилзила эпицентри Ҳирот шаҳридан 40 км узоқликда жойлашган бўлиб, ер силкинишлари маҳаллий вақт билан 11:00 атрофида бошланган.
Кўплаб бинолар вайрон бўлган, одамлар вайроналар остида қолиб кетган, камида учта кучли зилзила содир бўлган.
Омон қолганларнинг айтишича, офис бинолари аввал силкина бошлаган, кейин эса қулаган.
“Биз офисимизда эдик ва бирдан бино қимирлай бошлади. Деворлардаги гипслар туша бошлади, ёриқлар пайдо бўлди, баъзи деворлар ва бинонинг қисмлари қулаб тушди”, деди ҳиротлик Башир Aҳмад.
“Мен оилам билан боғлана олмаяпман, мобил алоқам ишламаяпти. Мен жуда хавотирдаман ва қўрқаман, бу даҳшатли", дея қўшимча қилди у.
Фавқулодда хизматлар матбуот котиби Моса Aшари журналистларга шундай деди: "Бизнинг маълумотларимизга кўра, бугунги кунга қадар мингдан ортиқ аёллар, болалар ва кекса фуқаролар жароҳатланган ва 120 га яқин одам ҳалок бўлган".
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳозирда қурбонлар сони 300 кишидан ошади.