Шавкат Мирзиёев Сергелидаги ҳолатдан бохабар бўлиб турибди
Бош вазир Абдулла Арипов Сергели тумани аҳолиси билан учрашди.

Бош вазир Абдулла Арипов Сергели тумани аҳолиси билан учрашиб, мулоқот қилди. Бош вазирнинг айтишича, айни дамда Германияда бўлиб турган президент Шавкат Мирзиёев вазиятдан бохабар: “Германияда хизмат сафарида бўлиб, кечаси 1 да ҳокимга телефон қилдилар, менга телефон қилдилар. Эрталаб 8 да яна телефон қилдилар.
Президентимизга барча кучлар жалб қилинганини, 24 соат давомида ишлар ташкил қилиниб, кечаси билан ишлашганини билдирдим. Сафарда бўлсалар ҳам уларнинг эътиборларидан четда қолмайсизлар, ҳавотир олманглар”, деб таъкидлади Абдулла Арипов.
Портлаш юз берган ҳудуддаги аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилмоқда, уларга зарур ёрдам етказилмоқда. Ҳарбийлар, шифокорлар ва бошқалар ҳудудда ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, 28 сентябр куни Тошкентнинг Сергели туманида жойлашган омборда кучли портлаш юз берди. Портлаш оқибатида бир киши вафот этди. Ҳодиса сабаб 26 та кўп қаватли уйдаги 592 та хонадон ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та МТТ биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етгани аниқланди.




