Қутуришга қарши кун, “Бунёдкор”нинг очилиши
Platina.uz 28 сентябр санаси билан боғлиқ муҳим воқеликларни жамлади.
28 сентябр санаси билан боғлиқ хабарлар.
Бутунжаҳон қутуришга қарши куни. 2007 йилдан бери ҳар йили 28 сентябр куни нишонланади. БМТнинг халқаро кунлар тизимига киритилган. У штаб-квартираси АҚШда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилоти — Қутуришни назорат қилиш бўйича Глобал алянс ташаббуси билан ташкил этилган. Бутунжаҳон қутуриш куни тарихда биринчи қутуришга қарши вакцинани яратган француз микробиологи Луи Пастернинг вафотига бағишланган.
Халқаро ахборотга умумий киришиш куни. ЮНЕСКО томонидан 2015 йилда таъсис этилган унутилмас сана. 2019 йилда БМТ Бош ассамблеяси ушбу санани халқаро кунлар рўйхатига киритди. ЮНЕСКО 2030 йилгача бўлган даврда жамиятни барқарор ривожлантириш дастури тамойилларига содиқ қолиб, замонавий жамиятнинг демократик асосларининг тамойили ва устунининг жамоатчиликка маълумотли бўлиши муҳимлигига эътибор қаратди. Бу тамойил Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида эълон қилинган, унинг 19 -моддасида инсон маълумот қидириш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлигига эга эканлиги аниқ кўрсатилган. Бу ҳолатда ягона чегара - бу қонун, у давлат ёки ҳарбий сир тушунчасини киритиши, шунингдек, қонун меъёрларига мувофиқ маълумот ва ғояларни чеклаши мумкин. Яъни, тарқатилаётган маълумотларнинг мазмуни амалдаги қонунчиликка зид бўлмаслиги керак.
Халқаро гунглар куни. 1951 йилда Бутунжаҳон кар ва соқовлар федерацияси яралиши шарафига таъсис этилган. Статистикага кўра, дунё бўйича ҳар тўққизинчи одам эшитиш қобилиятининг бузилишидан азият чекади.
Воқеалар.
Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федерал Канцлери Олаф Шолцнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Берлин шаҳрига боради. Ташриф 30 сентябр санасигача давом этади.
1618 йил – Брюсселда дунёдаги биринчи ломбард очилди.
1801 йил – Россия ва Франция ўртасида Париж тинчлик шартномаси тузилди.
1926 йил – Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон тумани ва Наманганда эса Поп тумани ташкил этилган кун.
1958 йил – Францияда референдум бўлиб ўтди, унда Бешинчи Республика Конституцияси қабул қилинди.
1961 йил – Сурияда ҳарбий тўнтариш амалга оширилди, натижада Бирлашган Араб Республикасидан ажралиб чиқиш эълон қилинди ва Сурия Араб Республикаси эълон қилинди.
1991 йил – Ўзбекистон Миллий боғи бунёд этилган кун. 1991 йилда Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги тантаналари муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан боғ обод қилинди ва ҳозирги ном билан атала бошланди.
2000 йил – Исроил Бош вазири Эҳуд Барак биринчи марта Қуддусни бўлиш имкониятини тан олди. Унинг сўзларига кўра, фаластинликлар билан тинчлик шартномаси тузилса, шаҳарнинг ғарбий қисми Исроил пойтахти, шарқий қисми эса Фаластин давлатининг пойтахти бўлиб қолиши ҳақидаги келишувни ўз ичига олади.
2008 йил – Беларус Республикасида парламент сайловлари.
2012 йил – “Бунёдкор” спорт комплексининг очилган кун.
2021 йил – UzAuto Motors 2022 йилги янги Chevrolet Captiva кроссоверининг нархлари 192,7 миллион сўмдан бошлаган тўртта комлектацияда сотилиши бошланганини эълон қилди.
- Коррупцияга қарши курашиш Тошкент шаҳар Кенгаши таъсис этилди.
2022 йил – Ўзбекистонда илк бор робот-хирург билан мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
- Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланишга шароити йўқ аҳоли қатлами учун “Яхши нарсалар интернети” деб номланган ахборот платформаси ишга тушди.
Таваллудлар.
Дунёдаги энг забардаст диний устозлардан Конфуций таваллуд топган кун. Конфуций Xитойда эрамиздан аввалги VI аср атрофида яшаган. У дунёдаги энг забардаст диний устозлардан бўлган.
1897 йил — қозоқ ёзувчиси, драматург, олим Мухтор Авезов;
1912 йил – фтизиатр, Ўзбекистонда xизмат кўрсатган фан ва теxника арбоби, тиббиёт фанлари доктори, профессор Алимов Шокир;
1934 йил – француз кино актрисаси, қўшиқчи, модел Брижит Бардо;
1963 йил – ўзбекистонлик олима, тарих фанлари доктори, профессор Юлдуз Эргашева;
1976 йил – ўзбекистонлик йирик тадбиркорлардан бири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Улуғбек Файзиев;
1982 йил – ҳинд актёри, Ҳиндистоннинг машҳур 100 нафар актёрлари рўйхатидан ўрин олган Ранбир Капур таваллуд топган.