Эрон-Ироқ уруши, Зоир Мирзаевнинг янги лавозимга ўтиши
Platina.uz 22 сентябр санаси билан боғлиқ муҳим воқеликларни жамлади.
22 сентябр санаси билан боғлиқ хабарлар
Автомобилсиз кун. Кўплаб мамлакатларда ҳар йили 22 сентябр “Автомобилсиз кун” сифатида ўтказилади. Бу кунда барча авто ва мототранспорт ҳайдовчиларига пиёда, велосипедда ёки жамоат транспортларидан фойдаланиш тавсия этилади. Ўзбекистонда ҳам ҳукуматнинг 2020 йил 19 ноябрдаги 735-сонли “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан2021 йилдан бошлаб 22 сентябрь куни республика бўйича “Автомобилсиз кун” сифатида эълон қилинган. Ушбу тадбир Ўзбекистонда ҳар йили V Европа ҳаракатланиш ҳафталиги доирасида ўтказилади. Бу йилги ҳафталикнинг “Энергияни тежаш” мавзуси барқарор шаҳар ҳаракатини рағбатлантиришда энергия самарадорлигининг роли муҳимлигига қаратилган. Европа Иттифоқининг ушбу ташаббуси 39 мамлакатнинг 2000 дан ортиқ шаҳарларини қамраб олган.
Воқеалар.
1792 йил — Франция Республикаси эълон қилинди. Бу Франция Республикачилар тақвимининг бошланғич нуқтаси эди.
1862 йил – АҚШ президенти Авраам Линколн қора танли қулларнинг озод қилинишини эълон қилди.
1869 йил – Дунёдаги биринчи откриткалар Австрияда чиқарилган.
1908 йил – Болгария Усмонлилар империясидан мустақилликка эришди.
1960 йил — Мали Франциядан мустақилликка эришди.
1974 йил – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида "Фаластин масаласи" биринчи марта мустақил масала сифатида кун тартибига киритилди, бу аслида Фаластин Озодлик Ташкилоти ва унинг раҳбари Ёсир Арафатнинг Фаластин халқининг ваколатли вакиллари сифатида тан олинишини англатарди.
1980 йил – Эрон-Ироқ уруши бошланди.
1989 йил – қозоқ тили Қозоғистон ССРнинг давлат тили деб эълон қилинди.
1991 йил – Тожикистонда Коммунистик партия фаолияти тақиқланган.
- Мустақил Косово Республикаси биринчи марта эълон қилинди.
2010 йил – Исроилда диний бўлмаган фуқаролар учун фуқаролик никоҳи тўғрисидаги қонун кучга кирди.
2021 йил – Халқаро автомобилсиз кун муносабати билан Тошкент шаҳрида “Тунги велосайр” фестивали ўтказилди.
- Орол денгизи фожиаси оқибатларидан ҳаммадан кўп жабр кўрган Қорақалпоғистоннинг Муйноқ туманида яшовчи ҳар бир оилага 5 млн сўмдан бир марталик ёрдам пули тарқатилди.
- Суд марҳум шарқшунос олим Андрей Кубатиннинг оиласига етказилган маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъвони қисман қаноатлантирди. Тошкент шаҳар Молия бошқармаси унинг яқинларига 150 млн сўм тўлаши маълум бўлди. Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 29 октябрь куни шарқшунос олим, турколог Андрей Кубатин 36 ёшида коронавирус асоратлари туфайли вафот этди. 2017 йилда у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-моддаси (давлатга хиёнат қилиш) билан айбланиб, 5 йилга (апелляциягача — 11 йилга) озодликдан маҳрум этилганди. Айблов хулосаларига кўра, у чет эл олимига ноёб китобларнинг сканер қилинган нусхаларини топширган. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу иш уюштирилганини таъкидлашган эди. 2019 йил сентябрь ойида олим Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг қарори билан оқланган.
- Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Тошкентдаги Романовлар cаройи биносини реконструкция қилиш ҳақида маълум қилган.
2022 йил – Зойир Мирзаев номзоди Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.
- Ўзбекистон Астраханда Каспий денгизи мамлакатлари ўртасида туризм, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган халқаро тиббиёт форумида қатнашди.
- Сентябрь ойидаги ФИФА кунлари олдидан Transfermarkt портали 2022 йил терма жамоада энг кўп гол урган футболчилар рўйхатини тақдим этди. Унга кўра Ўзбекистон терма жамоаси ва Италиянинг “Рома” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов рўйхатда Эрлинг Ҳоланд, Садио Мане, Лионель Месси каби жаҳон юлдузларини ортда қолдирган. Маълумот учун: ўзбекистонлик футболчи ҳисобида 2022 йилда 9 та гол мавжуд.
- Ўзбекистонда мавжуд 11 та халқаро аэропортида мунтазам халқаро ва ички рейслар парвозини онлайн кузатиш имконияти пайдо бўлди.
Таваллудлар.
1981 йил – Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов;
1983 йил – Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов таваллуд топган.