Шавкат Мирзиёев халқаро ташкилотлар ва АҚШ компаниялари раҳбарлари билан учрашди
18 сентябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳридаги ўзига ажратилган қароргоҳда халқаро ташкилотлар раҳбарлари, турли компаниялар бошлиқлари билан музокаралар ўтказди.

Халқаро валюта фонди бошқарувчи директори Кристалина Георгиева билан учрашувда ХВФнинг Ўзбекистон молия соҳаси барқарорлигини комплекс таҳлил қилиш, иқтисодий сиёсатни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда консалтинг кўмагини кўрсатиш, мутахассислар салоҳиятини ошириш дастурини амалга оширишдаги иштирокига доир масалалар муҳокама қилинди.
Европа кенгаши президенти Шарль Мишел билан учрашувда кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда қабул қилиш, ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш учун қулай шароитлар яратиш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кооперацияни, шу жумладан, узоқ муддатли икки томонлама ҳужжатларни қабул қилиш орқали чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Самарали халқаро транспорт йўлакларини, хусусан, Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантириш, Афғонистонда юзага келаётган вазият, шу жумладан, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, бўлажак кўп томонлама тадбирлар режаси бўйича фикр алмашилди.
Air Products компанияси бошқаруви раиси, президенти ва бош ижрочи директори Сейфи Гасеми билан учрашувда АҚШ давлат котибининг энергетика масалалари бўйича ўринбосари Жеффри Пайетт ҳам иштирок этди.
Air Products компаниясининг Ўзбекистон учун қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган янги инвестиция дастурини амалга ошириш бўйича келишувлар алмашилди. Шавкат Мирзиёев Сейфи Гасемига юксак давлат мукофоти – “Дўстлик” орденини топширди.
Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм билан учрашувда GE HealthCare, Oppenheimer, Cerberus, CNH ва Cintana корпорациялари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Учрашувда АҚШ бизнесининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш борасидаги аниқ режалари муҳокама қилинди. Учрашув якунида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича “йўл харита”ларини қабул қилишга келишиб олинди.
Cintana асосчиси ва раиси Дуглас Беккер Аризона давлат университети билан ҳамкорликда Ўзбекистонда Америка технологиялар университетини ташкил этмоқчи. 2024 йилдан бошлаб соғлиқни сақлаш, инжиниринг, архитектура ва дизайн каби йўналишларда малакали кадрлар тайёрлашни бошлаш кўзда тутилган.
Активлари қиймати қарийб 50 миллиард доллар бўлган CNH трансмиллий компанияси тармоқдаги бир қатор саноат корхоналарини хусусийлаштириш ва модернизация қилиш, комбайн ва пахта йиғиш машиналарини ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, шу жумладан, юқори қувватли тракторлар ишлаб чиқариш ҳамда лизинг тузилмаларига тўғридан-тўғри молиявий ресурслар ажратмоқчи.
Активлари қиймати 60 миллиард доллардан зиёд бўлган Cerberus компанияси коммуникациялар тармоғи, фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш, транспорт ва энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш лойиҳаларига тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтиришни режалаштирган.
Активлари қиймати 36 миллиард доллар бўлган Oppenheimer инвестиция компанияси биринчи босқичда тўқимачилик кластерлари, қурилиш материаллари саноати корхоналарини ривожлантириш, Тошкент шаҳри инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштиради. Бундан ташқари, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга инвестиция йўналтириш кўзда тутилган.
Дунёнинг индустриал гиганти бўлган General Electric корпорацияси стратегик шериклик доирасида Ўзбекистон корхоналари билан инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, замонавий юқори технологик ускуналарни етказиб бериш ва уларни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш ниятида.
GE HealthCare компанияси президенти Роб Уолтон соғлиқни сақлаш соҳасида кардиографлар ишлаб чиқариш, скрининг ва кардио ахборот тизими йўлга қўйилишини таъкидлади. Бундан ташқари, инвестор Ўзбекистонда Миллий тиббий маълумотлар архивини яратишда иштирок этишни режалаштирмоқда.




