Қрим аёвсиз ўққа тутилди: сўнгги маълумотлар
Россия Мудофаа вазирлиги Евпаторияда содир бўлган қатор портлашлардан сўнг Қрим осмонида 11 та камикадзе дрон уриб туширилганини маълум қилди.
Қримнинг ғарбий соҳилидаги Евпатория ҳудудида кучли портлашлар содир бўлди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари учаётган дронларнинг товушлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа иши ҳақида ёзишмоқда.
Россия томонидан босиб олинган Қримдаги Евпатория ҳудудида бир нечта ҳарбий қисмлар жойлашган. Ундан унча узоқ бўлмаган жойдаги Саки ҳарбий аэродромини Украина бир неча кун аввал ўққа тутганди.
Россия Мудофаа вазирлиги пайшанба куни эрталаб Евпаторияда содир бўлган қатор портлашлардан сўнг Қрим осмонида 11 та камикадзе дрон уриб туширилганини маълум қилди.
Охирги бир ярим соат ичида Евпатория ва унинг атрофидаги ҳудудлар аҳолиси ижтимоий тармоқларда учувчисиз самолётларнинг учаётган товушлари, портлашлар ҳақида хабар беришди ва камида битта кучли портлашдан чиққан тутун устуни акс этган видеони чоп этишди.
Украинанинг Суспилне нашри маҳаллий аҳолига таяниб хабар беришича, бу портлаш Евпаториянинг ғарбий чеккаси яқинидаги Уютное қишлоғи яқинида, ҳарбий қисм – эҳтимол радар полкининг бўлинмаси ҳудудида содир бўлган.
Ҳозирча қурбонлар ва талофотлар бўйича расмий хабарлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Украинанинг Қримга ҳужумлари кескин тус олмоқда. Аввалги ҳужумларнинг бирида Россиянинг йирик "Минск" ҳарбий кемаси жиддий шикастланганди.