Қрим кўпригига зарба — Путиннинг шаънига зарбами?
Украина президенти Владимир Зеленский операция бир неча ҳафта давомида тайёрланганини ва хавфсизлик хизмати ҳамда қуролли кучлар томонидан мувофиқлаштирилганини билдирди. Унинг маълум қилишича, ҳужумлар давомида Украинада ишлаб чиқарилган «Паляниця» зарбдор аппаратлари, «Фламинго» ва «Нептун» қанотли ракеталари ҳамда бошқа қурол тизимлари ишлатилган. Демакки, операция бир марталик тасодифий муваффақият эмас, у босқичма-босқич ишлаб пухта ишлаб чиқилган мураккаб ҳарбий ҳаракат бўлган.

Урушда талофот кўриш табиий ҳол ҳисобланади. Можаронинг ҳар икки томони ҳам эҳтимолий зарарга априори рози бўлган ҳолда уруш олиб боради.
Бироқ айрим чегаралар бўладики, бу урушаётган давлат раҳбарининг иззат-нафсига тегиши ва етказилган зарарга номутаносиб равишда улкан зарба дея баҳоланиши мумкин.
Масалан, 16–19 ноябрь кунлари Қрим кўпригига берилган кетма-кет зарбалар Россия президенти Владимир Путин учун ор-номус масаласи деб баҳоланди.
Тўғри, Путин Украинага бостириб кирганидан бери кўпгина чегаралар – “қизил чизиқлар” қўйди, аммо уларнинг деярли барчаси босиб ўтилди. Масалан, аввал у НАТОнинг Шарққа кенгайишига қаршилигини айтди. Аммо Россиянинг ён қўшнилари Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлди. Кейинроқ Путин Ғарбдан Украинага ёрдам бермаслигини талаб қилди, бирор давлат бу “қизил чизиқ”ни босса қаттиқ жазолашини айтиб таҳдид қилди. Аммо ҳозиргача Киев асосан Ғарб ёрдами билан ўзини ҳимоя қиляпти ва ҳоказо.
Айни кунларда Путин чизган яна бир “қизил чизиқ” кесиб ўтилди: Путин мағрурланадиган ва “ўтда ёнмас, сувда сўкмас” дея баҳоланган, қаттиқ муҳофаза қилиниши билан мақтанилган Қрим кўпригининг аркаси Украина зарбалари оқибатида қулаб тушди. Яъни Украина Россия учун стратегик аҳамиятга эга транспорт иншоотига жиддий шикаст етказиш билан бирга, Владимир Путиннинг сиёсий мероси билан чамбарчас боғлиқ рамзни ҳам нишонга олди.
Воқеалар занжирининг қизиқ жиҳати шундаки, ҳужумлар АҚШ, Хитой ва Россия раҳбарларининг Шэньчжэндаги тарихий уч томонлама саммити ҳамда Берлинда Украинани қўллаб-қувватловчи давлатлар коалицияси йиғилиши ўтказилаётган даврга тўғри келди. Шу боис воқеани оддий инфратузилмага берилган зарба сифатида баҳолаш етарли эмас. Унинг замирида ҳарбий логистика, сиёсий обрў, стратегик тийиб туриш, халқаро дипломатия ва урушнинг кейинги босқичига таъсир кўрсатиш масалалари мужассам бўлган.
Қрим кўприги: транспорт иншоотидан сиёсий тимсолгача
Керч бўғози орқали ўтган 19 километрлик Қрим кўприги Россиянинг Краснодар ўлкасини Қрим яримороли билан боғлайди. Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилган, БМТ Бош Ассамблеяси эса Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги ҳудудий яхлитлигини ва дахлсизлигини тасдиқлаган.
2018 йилда автомобиль кўпригининг очилиш маросимида Владимир Путиннинг шахсан қатнашиши иншоотга алоҳида сиёсий мазмун берди. У Кремль учун фақат иқтисодий лойиҳа эмас, балки Қримнинг Россия билан узвий боғлиқлигини намойиш этувчи давлатчилик рамзига айланди. Сиёсатшунослик нуқтаи назаридан бундай объектлар давлат ҳокимиятининг рамзий капитали ҳисобланади. Улар ҳокимиятнинг қудрати, тарихий даъволари ва сиёсий қарорларининг қайтарилмаслигини намойиш этишга хизмат қилади. Шунинг учун кўприкнинг вайрон бўлиши нафақат моддий зарар, балки Кремль илгари сурган сиёсий тасаввурларга ҳам зарба бўлади. Украина учун эса мазкур иншоот Россиянинг Қрим устидан назоратини мустаҳкамловчи инфратузилма ва ҳарбий таъминот имкониятларидан бири ҳисобланади.
Уч зарба: операциянинг ҳарбий мантиғи
Reuters агентлигининг текширилган материалларига кўра, 16 ноябрдаги дастлабки ҳужумдан кейин 17 ноябрь куни амалга оширилган зарбалар натижасида автомобиль кўпригининг марказий аркали қисми ва йўл оралиғи денгизга қулаган.
Тахминан 227 метрли оралиқнинг ҳамда арканинг вайрон этилиши автомобиллар қатновини издан чиқарган. Темир йўл қисми ҳам шикастланган, аммо дастлаб унинг айрим йўналишларида қатновни тиклаш имконияти сақланган.
19 ноябрь куни Украина яна ушбу объектга ҳужум уюштирди. Украина Бош штаби маълумотига кўра, бу сафар «Нептун» ракеталари темир йўл инфратузилмасига зарба берган. Россия транспорт идоралари поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилганини тасдиқлади. Кейинроқ қатнов қисман тикланди.
Украина президенти Владимир Зеленский операция бир неча ҳафта давомида тайёрланганини ва хавфсизлик хизмати ҳамда қуролли кучлар томонидан мувофиқлаштирилганини билдирди. Унинг маълум қилишича, ҳужумлар давомида Украинада ишлаб чиқарилган «Паляниця» зарбдор аппаратлари, «Фламинго» ва «Нептун» қанотли ракеталари ҳамда бошқа қурол тизимлари ишлатилган. Демакки, операция бир марталик тасодифий муваффақият эмас, у босқичма-босқич ишлаб пухта ишлаб чиқилган мураккаб ҳарбий ҳаракат бўлган.
Урушни ўрганиш институти — ISW таҳлилига кўра, Украина аввал Россиянинг ҳаво мудофааси, радиолокация ва радиоэлектрон кураш имкониятларини заифлаштиришга уринган. Бунда муҳим сабаб-оқибат боғлиқлиги мавжуд: ҳаво мудофаасининг заифлашуви нишонга етиб бориш эҳтимолини оширади, аниқ зарба эса нисбатан камроқ ресурс билан катта инфратузилмавий зарар етказиш имконини беради. Бироқ ҳужумда қўлланган барча воситалар ва уларнинг алоҳида натижалари мустақил манбалар орқали тўлиқ тасдиқланган эмас.
Ҳарбий логистикага берилган зарба кўлами
Қрим кўприги узоқ вақт Россия қўшинларини жанубий йўналишларда таъминлаш учун муҳим транспорт йўлаги вазифасини бажарган. Бироқ 2022 йилдан кейин Россия Украина жанубида босиб олган ҳудудлар орқали муқобил қуруқлик йўлагини ривожлантирди. Шу сабабли кўприкнинг ишдан чиқиши Россия қўшинларини автоматик равишда таъминотсиз қолдиради, деган хулоса нотўғри.
Бироқ, етказилган зарарнинг аҳамиятини камситиши ҳам ножоиз. Чунки юкларни муқобил йўлларга йўналтириш транспорт масофаси ва харажатларни ошириши мумкин. Шунингдек, қуруқлик йўлагининг ўзи Украина зарбаларидан ҳимояланган эмас. Оккупация қилинган Украина ерлари орқали ўтган ва Қримни Россия билан боғловчи йўлак деярли Украина дронлари остида. Бу йўл орқали ўтувчи Россия транспортларига мунтазам ҳужум қилиб, портлатиб юборилмоқда.
Қолаверса, Қрим кўпригни таъмирлаш катта маблағ, техника ва муҳандислик ресурсларини талаб этади. Шу боис, Россия расмийлари паром қатновини ташкил этиш ва муқобил транспорт алоқаларини кучайтириш чораларини эълон қилди.
Даниянинг COWI муҳандислик компанияси мутахассиси Ингер Кроон Reuters билан суҳбатда йирик аркали оралиқни тўлиқ алмаштириш бир йилдан ҳам кўпроқ вақт олиши мумкинлигини таъкидлаган.
Путиннинг сиёсий обрўси нишонга олиндими?
Қрим кўприги Путиннинг сиёсий фаолиятидаги энг кўзга кўринган инфратузилмавий рамзлардан бири ҳисобланади. Шу сабабли уни ҳимоя қила олмаслик Россия раҳбариятининг хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги тасаввурларга таъсир кўрсатиши мумкин. Қолаверса, Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводларини портлатиб, ёқилғи тақчиллиги ва қимматалашувини юзага келтиргани ҳам Путиннинг рус халқи олдидаги обрўсини анча пасайтирган эди.
Бу ерда асосий муаммо кўприкнинг ўзидан ҳам кенгроқдир. Россия ўзини йирик ҳарбий-сиёсий қудрат сифатида намойиш этаётган бир пайтда, Украина унинг алоҳида қўриқланадиган стратегик объектига кетма-кет зарба бера олди. Бундай ҳолат Кремль учун ҳарбий самарадорлик билан сиёсий нуфуз ўртасидаги зиддиятни юзага чиқаради.
Айниқса ҳужумларнинг Путин АҚШ ва Хитой раҳбарлари билан учрашиши арафасида амалга оширилиши уларнинг рамзий таъсирини кучайтирди. The Guardian суҳбатлашган украин ҳарбий манбаси ҳам операциянинг вақт жиҳатидан Путинни халқаро майдонда ноқулай аҳволга солиш мақсади билан боғлиқлигини билдирган.
Лекин сиёсий зарба билан сиёсий мағлубият бир хил тушунча эмас. Кўприкнинг шикастланиши Путин ҳокимиятини заифлаштириши мумкин, аммо бу унинг ички сиёсий мавқеи ҳал қилувчи даражада пасайганини исботламайди. Аксинча, Кремль ташқи ҳужумдан жамоатчиликни сафарбар этиш ва ҳарбий ҳаракатларни кучайтириш учун фойдаланиши ҳам мумкин.
Путиннинг жавоби: ҳарбий зарбами ёки дипломатик босим?
19 ноябрь куни Шэньчжэндаги саммитдан кейин Владимир Путин кўприкнинг автомобиль қисми жиддий шикастланганини тан олди ва Россия уни тиклашини маълум қилди. У Москванинг жавоби Украина зарбаларидан анча оғирроқ бўлишини таъкидлади.
Айни пайтда Россия раҳбари Қора денгиздаги кема қатнови ҳамда энергетика объектларига ҳужумларни ўзаро тўхтатиш имконияти муҳокама қилинганини, аммо кўприкка зарбалардан кейин бундай келишувни кўриб чиқмаслигини билдирди.
Путин кўприкдан ҳарбий техника ва нефть маҳсулотларини ташишда фойдаланилмаётганини ҳам таъкидлаб, ўзини оқлаган бўлди. Бу Россия томонининг баёноти бўлиб, иншоотнинг амалдаги ҳарбий аҳамияти масаласида Украина ва мустақил таҳлилчилар бошқача баҳоларни илгари сурмоқда.
Кремль позициясида икки мақсад кўринади: ички аудиторияга қатъиятни намойиш этиш ва халқаро музокараларда Украинага босимни ошириш. Бироқ муҳим фарқни унутмаслик керак: Путин воз кечган чекланган сулҳ ҳали томонлар ўртасида имзоланган келишув эмас, балки муҳокама қилинаётган имконият эди. Шунинг учун унинг рад этилиши дипломатик вазиятни мураккаблаштирса-да, мавжуд сулҳнинг бузилиши сифатида баҳоланмайди. Бундан ташқари, кўприкка ҳужумлар Москва қарорининг ягона сабаби бўлганини мустақил равишда исботлаш қийин. Чунки Россия армиясининг тўхтовсиз ҳужумлари учун баҳоналар доим топилади. Қрим кўприги ҳам шундай қулай баҳона бўлди холос.
Зеленскийнинг мақсади: асимметрик куч орқали босим
Владимир Зеленский ҳужумларни Россиянинг Украина шаҳарлари, кўприклари ва энергетика инфратузилмасига қарши давомли зарбаларига жавоб сифатида изоҳлади. Украинанинг стратегик мантиғи нисбатан аниқ: Россия каттароқ ресурсларга эга бўлса, Киев рақибнинг заиф нуқталарига аниқ зарбалар бериш орқали ҳарбий мувозанатни ўзгартиришга интилади. Бу асимметрик уруш тамойилига мос келади.
Украина кўприкка зарба бериш билан Россия ҳудудий назоратининг иқтисодий ва ҳарбий харажатлари ошиб боришини кўрсатмоқчи. Бундан ташқари, операция Украина қуролсозлик саноатининг узоқ масофага зарба бериш имкониятларини намойиш этиш вазифасини ҳам бажаради. Бироқ ҳарбий муваффақиятнинг дипломатик баҳоси мавжуд: Москва уни музокаралардан чекиниш ёки жавоб ҳужумларини кучайтириш учун асос сифатида кўрсатиши мумкин.
Трамп, Хитой ва Берлин: дипломатик манфаатлар тўқнашуви
Доналд Трампнинг муносабати алоҳида эътиборга лойиқ.
NBC News журналисти Гейб Гутьерресга кўра, Трамп Путиннинг кўприкка зарбалар сабабли Зеленскийдан қаттиқ норози эканини айтган ва бу ҳиссиётни тушуниш мумкинлигини билдирган.
Бироқ Трамп Украина иштирокисиз унинг келажагига доир якуний қарор қабул қилмаслигини ҳам таъкидлаган. Демак, унинг Путин муносабатини тушуниш ҳақидаги сўзларини Украина операциясини расман қоралаш ёки Россия талабларини тўлиқ қўллаб-қувватлаш сифатида талқин қилиш тўғри эмас.
Украина етакчиси эса бундай нозик айбловларга жавобан “Қрим — Украина ҳудуди, шунинг учун у ердаги объектлар билан хоҳлаган ишимизни қилишимиз мумкин” деди.
Берлиндаги матбуот анжуманида журналист Зеленскийдан Қрим кўприги қачон бутунлай ишдан чиқиши ва унда поездлар қатнови қачон тўхташи ҳақида сўради.
Бунга жавобан Украина президенти Россия Украина кўприкларига бир неча бор зарба берганини, шу сабабли Киев ҳам жавоб зарбалари бераётганини таъкидлади.
«Улар бизнинг кўприкларимизга зарба беришди. Бу биринчи марта ҳам, биринчи йил ҳам эмас. Биз эса жавоб қайтаряпмиз. Менимча, бу адолатли», — деди Зеленский. У, шунингдек, Қрим Украина ҳудуди эканини ва шу сабабли Украина у ердаги объектлар тақдири бўйича мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади. «Очиғини айтганда, Қрим — Украина. Украина ҳудудида жойлашган барча нарса эса Украинага тегишли», — дея қўшимча қилган Зеленский.
Натижасиз учрашув
19 ноябрь куни Шэньчжэнда Трамп, Си Цзиньпин ва Путин уч томонлама саммит ўтказди. Улар қабул қилган рамзий тинчлик декларациясида ядровий хавфларни камайтириш масаласи акс этди, аммо Украина уруши бўйича аниқ келишув эълон қилинмади. Айни куни Берлинда Германия, Франция, Буюк Британия ва Украина раҳбарлари иштирокидаги музокараларда аксинча, Украина хавфсизлик кафолатлари, ҳарбий ёрдам ва қиш мавсумида энергетик сулҳ масалалари марказий ўрин эгаллади. Шундай қилиб, икки дипломатик майдонда турлича устуворликлар намоён бўлди. Шэньчжэнда йирик давлатлар ўртасидаги стратегик муносабатлар, Берлинда эса Украинанинг хавфсизлиги ва Европа иштирокисиз тинчлик шартлари белгиланмаслиги масаласи муҳим бўлди.
Қрим кўпригига зарбалар ана шу дипломатик қарама-қаршиликни янада кескинлаштирди.
Халқаро ҳуқуқ нуқтаи назар
Қримнинг халқаро ҳуқуқий мақоми ва кўприкка зарба беришнинг қонунийлиги бир-биридан фарқли масалалардир. БМТ Бош Ассамблеясининг 2014 йил 27 мартдаги 68/262-сонли резолюцияси Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тасдиқлайди. Бироқ халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра, ҳар қандай транспорт иншооти автоматик равишда ҳарбий нишон ҳисобланмайди.
Агар кўприк ҳарбий ҳаракатларга самарали ҳисса қўшса ва уни ишдан чиқариш аниқ ҳарбий устунлик берса, у муайян шароитларда қонуний ҳарбий нишон бўлиши мумкин.
Бунда ҳарбий зарурат, фуқаролар ва ҳарбий объектларни фарқлаш, мутаносиблик ҳамда эҳтиёт чоралари талабларига риоя қилиниши шарт.
Хулоса: кўприк қулади, аммо сиёсий оқибатлар ҳали олдинда
Қрим кўпригига берилган зарбалар Россия учун жиддий ҳарбий-логистик муаммо, Украина учун эса аҳамиятли тактик ва рамзий муваффақият бўлди. Бироқ уларни Путиннинг шахсий шаънига берилган ҳал қилувчи зарба деб баҳолаш ҳозирча эрта.
Асосий сиёсий таъсир шундаки, Кремль раҳбариятининг Қрим устидан назорати, стратегик объектларни ҳимоя қилиш имконияти ва ҳарбий устунлиги ҳақидаги тасаввурлар жиддий синовдан ўтмоқда. Украина эса нисбатан чекланган ресурслар билан Россия учун катта аҳамиятга эга объектларга таъсир ўтказа олишини намойиш этди.
Шу билан бирга, кўприкнинг вайрон бўлиши уруш тугашини англатмайди. Аксинча, бу воқеа янги ҳарбий кескинлашувга ҳам, дипломатик босимнинг кучайишига ҳам туртки бўлиши мумкин.
Зеро, замонавий урушларда баъзан биттагина стратегик иншоотнинг қулаши катта ҳарбий операциядан ҳам кучлироқ сиёсий таъсир кўрсатади. Қрим кўпригининг портлаш товуши ҳали анча вақт сиёсатда акс-садо бериб туриши аниқ...
Абулфайз Сайидасқаров





