Қримга кучли довул ёпирилди, юз минглаб одамлар электрсиз қолди
Шунингдек табиий офат Украина ҳудудлари, Россиянинг Краснодар ўлкасидаги шаҳарларгаям таъсир қилган.
Қора денгиз бўйидаги Россия ва Украина ҳудудлари, жумладан аннекция қилинган Қрим яриморолига кучли довул ёпирилди.
Қрим раҳбарияти маълумотига кўра, табиий офат натижасида 498 мингдан ошиқ киши электрсиз қолган. Ҳудудда шамолнинг тезлиги секундига 40 метрга етди.
Россия томонидан тайинлаган Қрим раҳбари Сергей Аксенов душанба кунини дам олиш куни деб эълон қилган, мактаблар ва бошқа ижтимоий объектлар ёпилди.
Табиий офат натижасида бир киши изсиз йўқолгани айтилмоқда.
Шунингдек табиий офат Украина ҳудудлари, Россиянинг Краснодар ўлкасидаги шаҳарларгаям таъсир қилган. Украина президенти Владимир Зеленский видеомурожаат билан чиқиб, фуқароларни хушёрлик ва эҳтиёткорликка чақирди.
Ноқулай об-ҳаво оқими ҳудудга Туркия томонидан ёпирилган. 25-27 нояр кунлари Туркияда ҳам ноқулай об-ҳаво ва тошқинлар кузатилганди. Жумладан, мамлакатнинг йирик шаҳарлардан бири бўлган Измир кўчаларини сув босганди.