Марказий Осиё давлатлари алоҳида иқтисодий кенгаш тузмоқчи
Бу ҳақдаги таклифни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Душанбедаги саммитда билдирди.
Марказий Осиё давлатлари алоҳида иқтисодий кенгаш ташкил этмоқчи. Бу ҳақдаги таклифни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Душанбедаги саммитда билдирди.
Шавкат Мирзиёев бугун Душанбе шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашувида иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, минтақада кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш, хавфсизлик соҳасидаги замонавий таҳдид ва хатарларга қарши чора кўриш масалалари муҳокама қилинди.
— Умумий саъй-ҳаракатларимиз туфайли ҳаётий муҳим масалаларни ҳал этиш ва ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янги мазмун билан тўлдириш борасида жиддий олдинга силжишга эришдик. Бизнинг сиёсий мулоқотларимиз ва парламентлараро алмашувлар доимий тус олмоқда. Мулоқот ва ҳамкорлик учун турли платформалар ишга туширилди, — деди Ўзбекистон раҳбари.
Саммитда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарлари сўзга чиқди, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби саммит иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.
Тадбир якунида қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинди:
- Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот;
- Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида битим;
- Марказий Осиёда ерусти транспортининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисида битим;
- Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгаши тўғрисида низом;
- 2022-2025 йилларда Марказий Осиёда саломатлик ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш учун “йўл харитаси”.