Путин ва Ким Чен Ин учрашади: АҚШ уларнинг "сири"ни очди
Газетанинг аноним суҳбатдошларига кўра, Ким Чен Ин ўзининг зирҳли поездида Владивостокка боради.
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бир неча кун ичида Россиянинг Владивосток шаҳрига ташриф буюради ва Россия президенти Путин билан рус армияси учун ўқ-дорилар етказиб бериш ва ҳарбий ҳамкорликнинг бошқа шаклларини муҳокама қилади.
Бу ҳақда душанба куни Aмерика ва бошқа Ғарб разведка агентликлари маълумотларига таянган ҳолда The New York Times газетаси ёзмоқда.
Газетанинг аноним суҳбатдошларига кўра, Ким Чен Ин ўзининг зирҳли поездида Владивостокка етиб бориши ва у ерда 10-13 сентябр кунлари бўлиб ўтадиган Шарқий иқтисодий форумда Путин билан учрашиши мумкин.
“Путин Кимни Россияга артиллерия снарядлари ва танкга қарши ракеталар юборишга кўндирмоқчи, жаноб Ким эса Россиядан Шимолий Кореяга илғор сунъий йўлдош технологиялари ва ядровий сув ости кемаларини етказиб беришини хоҳлайди”, — дейилади газетада.
Бундан ташқари, уларнинг сўзларига кўра, Ким озиқ-овқат ёрдамини олишни хоҳлайди.
Оқ уй ўтган ҳафта Путин ва Ким ўртасида қурол-яроғ етказиб бериш бўйича мактуб алмашгани ва бу бўйича икки давлат ўртасидаги музокаралар “фаол олға кетаётганини” айтган.
Бундан ташқари, июл ойи охирида Пхенянга борган Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам шимолий кореяликларни снаряд сотишга кўндирган.