Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди
Эслатиб ўтамиз, бу йил Ислом Каримов вафотига етти йил тўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди. Қабр пойига гул қўйиб, Биринчи Президент хотирасига ҳурмат бажо келтирди, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Давлат раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги қарорига мувофиқ, Биринчи Президент хотирасини абадийлаштириш бўйича бир қанча ишлар қилинди. Юртимиздаги йирик мажмуалар, шаҳарлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. Тошкентда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил қилинди, Самарқандда мақбара барпо этилди.
Маросимда парламент ва ҳукумат аъзолари, жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Тадбир якунлангач, давлатимиз раҳбари Тошкентга қайтиб келди.
Эслатиб ўтамиз, бу йил Ислом Каримов вафотига етти йил тўлди.