Президентга суиқасд қилинган кун
Бундан 27 йил аввал Тошкентда жами 6 та портловчи модда ишга туширилган, отишмалар бўлган. Миллий кутубхонадаги талабалар дарҳол деразалар томон югургану, аммо уларнинг айримлари учун бу қизиқувчанлик фожиали якун топган.

1999 йил 16 феврал куни эрталаб Тошкент шаҳрида террористик хуружлар содир этилди. Қисқа вақт оралиғида шаҳарнинг турли ҳудудларида жами 6 та портловчи қурилма ишга туширилди. Ҳужумларнинг мақсади давлатнинг асосий ҳукумат объектлари бўлгани айтилади.
Портлаш нуқталари
1999 йил 16 феврал куни эрталаб соат 11:00 да Ўзбекистон ҳукуматининг ўтган йилдаги республика иқтисодий ривожланиши якунларига бағишланган мажлиси бошланиши керак эди.
Мажлисдан сал аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси биноси яқинида ўқ товушлари эшитилди. Атрофдагилар содир бўлаётган воқеадан ҳайратда қолишди. Айниқса, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона биносидаги талабалар дарҳол деразалар томон югуришди. Уларнинг айримлари учун бу қизиқувчанлик фожиали якун топди – Вазирлар Маҳкамаси биноси яқинидаги кучли портлашдан сўнг синиб отилган ойна парчалари дераза олдида турганларнинг юзларини жароҳатлади. Отишма товушларидан сўнг кўп ўтмай, бир қатор портлашлар силсиласи бошланди.
Биринчи портлаш соат 10:40 да Юсуф Хос Ҳожиб кўчасида, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати бинолари яқинида содир бўлди – бу ерда ЗАЗ-968М русумли автомобил портлатилди. Портлаш тўлқини унчалик катта бўлмаган эса-да, у Мустақиллик майдонидаги бинолар ичида ҳам сезилган. Кўпчилик шаҳарда газ портлаши деб ўйлаган.
Иккинчи портлаш соат 10:55 да Шароф Рашидов шоҳкўчасида, собиқ “Искра” кинотеатри қаршисида ва “Мустақиллик майдони” метро бекати яқинида содир бўлди – бу ерда портловчи модда билан тўлдирилган ЗАЗ-968М автомобили портлатилди.
Учинчи ва энг кучли портлаш соат 10:58 да Вазирлар Маҳкамаси биноси бурчаги яқинида юз берди – портловчи модда билан тўлдирилган ГАЗ-21 автомобили портлатилди. Портлаш тўлқини шу қадар кучли бўлганки, Мустақиллик майдонидаги барча биноларнинг ойнаси тўкилиб тушган. Портлаш тўлқини Эски шаҳаргача етиб борди, портлаш эпицентридан 5 км узоқликда жойлашган 41-мактабдаги деразалар ҳам ларзага келди. Портлаш Вазирлар Маҳкамаси биноси фасадига жиддий шикаст етказган бўлса-да, асос устунлари бардош берди – бино қулаб тушмади. Айнан шу ерда Ўзбекистон Президенти иштирокида мажлис бошланиши керак эди.
Тўртинчи портлаш соат 11:20 да Тошкентдаги энг биринчи осмонўпар бино ҳисобланган янги Миллий банк биноси ёнида содир бўлди – бу ерда ЗАЗ-968М автомобили портлатилди. Бинонинг деразалари синиб кетди, пастки қаватларга шикаст етди. Бу портлаш Президент Мустақиллик майдонига шахсан келиб, теракт жойини кўздан кечираётган пайтда юз берган. Ушбу ҳолат интервю вақтида видеога ҳам тушиб қолган.
Бешинчи портлаш соат 12:00 да Абдулла Қаҳҳор кўчасида, террорчилар жойлашган хусусий уй гаражида, “Сохнут” яҳудий агентлиги яқинида содир бўлди.
Дастлабки хулосалар ва оқибатлар
Бу портлашлар натижасида умумий ҳисобда 16 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ фуқаро жароҳат олди. Шу куни кечқурун мамлакат президенти Ислом Каримов миллий телевидение орқали қилган чиқишида унга нисбатан суиқасдга уриниш бўлганини маълум қилди ва бунда радикал исломчиларни айблади.
Ўзбекистон ички ишлар вазири Зокир Алматов эса 17 феврал куни миллий телевидениеда қилган чиқишида 16 феврал портлашлари ортида “Хизб ут-Таҳрир” турганини, портлашларнинг бевосита ижрочиси эса унинг жанговар қаноти бўлганини маълум қилди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати жавобгарликни “Ўзбекистон Исломий ҳаракати” деб аталувчи тузилма ва халқаро террорчи ташкилотлар зиммасига юклади.
Теракт муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кўплаб шахслар қамоққа олинди. Асосий айбланувчилар – хорижда юрган шахслар – гувоҳлар кўрсатмалари асосида сиртдан айбдор деб топилди. Ўзбекистон махсус хизматлари маълумотига кўра, амалга оширилган ва тайёрланаётган терактлар амалдаги конституциявий тузумни ағдариш ва мамлакат Президенти ҳаётига суиқасд қилишга қаратилган фитна натижаси бўлган.
Суд жараёнлари
1999 йил 16 февралдаги портлашлар силсиласидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати теракт факти бўйича жиноий ишлар қўзғатди. Айбловлар терроризм, конституцион тузумни ағдаришга уриниш ва экстремистик фаолиятда иштирок этиш моддалари бўйича қўйилди.
1999 йил июн-июл ойларида Ўзбекистон олий суди портлашлар билан боғлиқ деб топилган 22 нафар айбланувчи ишини кўриб чиқди.
Айбловлар қуйидагиларни ўз ичига олган: президент ва бошқа раҳбарларни ўлдиришга уриниш, конституцион тузумни ағдаришга уриниш, қурол ва портловчи моддаларни ноқонуний сақлаш, экстремистик ташкилотларда иштирок этиш.
Натижада 6 нафар шахс ўлим жазосига ҳукм қилинди, 8 нафар шахс 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди, қолганлари 10 йилдан 18 йилгача бўлган қамоқ жазосини олди.
Суд айбланувчиларнинг исломий радикал ҳаракатлар етакчилари – Тоҳир Юлдашев ва Жума Намангоний билан алоқаси борлигини қайд этди. Улар кейинчалик “Ўзбекистон Исомий ҳаракати” ҳамда Афғонистон ва Тожикистондаги қуролли тузилмалар билан боғланган шахслар сифатида эълон қилинган.
2021-2022 йилларда Ўзбекистон махсус хизматлари хорижда йигирма йилдан ортиқ вақт давомида яширинган теракт иштирокчиларидан бир нечтасини қўлга олиб, экстрадиция қилди. 2021 йил июл ойида аввал судланган беш нафар фуқаро суд қарори билан оқланди – улар терактлардан сўнг чиқарилган ҳукмлар устидан шикоят қилган ва озодликка чиқарилган.
Маълумот ўрнида айтиш керак, 16 феврал воқеаларига алоқадорликда гумон қилинган охирги шахс 2018 йилда ДХХ томонидан амалга оширилган операцияда қўлга олинган. У Туркистон Ислом ҳаракати халқаро террорчи ташкилоти аъзоси ҳисобланган ўзбекистонлик Зокир Раҳимов эди. 2000 йилдан буён қидирувда бўлган Раҳимов Туркиянинг Истанбул шаҳрида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Хулоса
1999 йил 16 феврал воқеалари Ўзбекистоннинг замонавий тарихидаги энг оғир ва ҳал қилувчи синовлардан бири бўлиб қолди. Бу портлашлар нафақат инсонлар ҳаётига зомин бўлди, балки мамлакат хавфсизлик сиёсати, суд-ҳуқуқ тизими ва жазони ижро этиш амалиётида ҳам туб ўзгаришларга олиб келди.
Шу билан бирга, йиллар ўтиши билан айрим жиноят ишларининг қайта кўриб чиқилиши, баъзи маҳкумларнинг оқланиши ва жазони ижро этиш муассасалари тизимида амалга оширилган ислоҳотлар бу мавзунинг кўп қиррали эканини кўрсатади.
16 феврал воқеалари тарихий сабоқ сифатида хавфсизлик, қонунийлик ва адолат масалалари доимо мувозанатда бўлиши кераклигини эслатади. Бу сана фожиа қурбонлари хотираси билан бирга, давлат ва жамият барқарорлиги қандай аҳамиятга эгалигини англатиб турувчи муҳим тарихий ҳодиса бўлиб қолади.
