platina.uz

Президент божхона бўйича янги марказ билан танишди

Кейинчалик бу билан республикадаги барча расмийлаштирув жараёнларини қамраб олиш режалаштирилган.

Сиёсат
29 август 2023 йил
Президент божхона бўйича янги марказ билан танишди

Шавкат Мирзиёев Давлат божхона қўмитасидаги Божхона расмийлаштируви марказини бориб кўрди.

Соҳани рақамли трансформация қилиш, хизматлар сифати ва тезкорлигини ошириш мақсадида Божхона расмийлаштируви маркази қурилган. Бу ерда Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Масофавий электрон декларациялаш пости, Call-марказ, Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлимлари ташкил этилган.

Ахборот тизими хорижий давлатлар, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, ташқи иқтисодий фаолият вакиллари, авиакомпаниялар маълумотлари билан интеграция қилинган. Ишни ташкил этишда тадбиркорларнинг таклифлари ҳам инобатга олинган.

Маълумотларни қайта ишлаш маркази амалдаги захирага нисбатан ўн баробар катта ҳажмли замонавий серверлар, компьютер ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган. Бу алоқа каналлари тезлигини 5 баробарга ошириш ва расмийлаштирув вақтини 2 баробарга қисқартиришни таъминлайди. Бутун тизим киберҳужумлардан ҳимояланган.

Масофавий электрон декларациялаш постида дастлабки босқичда Тошкент шаҳри тадбиркорлари масофадан туриб юборадиган божхона юк декларацияларини тезкорлик билан расмийлаштириш йўлга қўйилди. Кейинчалик бу билан республикадаги барча расмийлаштирув жараёнларини қамраб олиш режалаштирилган.

Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлими Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликда, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида очилган. Бу ерда тезкор тузилмалар томонидан божхонанинг 50 та, Жаҳон божхона ташкилотининг 3 та ахборот дастури, 30 дан ортиқ идоралар ва хорижий божхоналарнинг маълумотлари таҳлил қилиниб, хавф-хатарлар баҳоланади ва барча божхона постлари фаолияти масофадан бошқарилади.

Марказий божхона лабораторияси ҳам экспертиза жараёнларини қисқартириш ва аниқлигини оширишга қаратилган илғор ускуналар билан жиҳозланди.

Импорт таркибининг таҳлили асосида маҳаллий тадбиркорларга таклиф бериш, божхона ҳудудида қайта ишлашни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ходимларнинг моддий-ижтимоий шароитларини яхшилаб, тизимни коррупциядан холи соҳага айлантириш вазифаси қўйилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+