platina.uz

Ўзбекистон бўйлаб минглаб тонна сифатсиз бензин сотилаётгани аниқланди

Нефт маҳсулотлари сифатининг бузилишига йўл қўйган раҳбарлар фаолиятига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилади.

Жамият
25 август 2023 йил
Ўзбекистон бўйлаб минглаб тонна сифатсиз бензин сотилаётгани аниқланди

"Ўзбекнефтгаз" маълумотига кўра, республика бўйлаб катта миқдорда талабга жавоб бермайдиган бензин маҳсулотлари аниқланди.

Республика бўйича истеъмолчиларга берилаётган автобензин сифати бўйича эътирозлар кўпайганлиги сабабли, нефт базалар ва АЁҚШлар орқали сотилаётган автобензиннинг сифати бўйича ўрганишлар ва таҳлиллар олиб борилган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида келиб тушган мурожаатлар асосида “Ўзэнергоинспекция” ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишларга асосан Кучлик нефт базаси (73,2 тонна), Навоий нефт базаси ( 38,7 тонна), Урганч нефт базаси (2,072 минг тонна) ва Бухоро нефт базалари (1,86 минг тонна) МЧЖларда сақланаётган автобензин сифати O`z Dst 3031:2015 давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги, яъни автобензин таркибидаги қатрон (смола) ва олтингугурт (сера) миқдори белгиланган меъёрдан юқори ҳамда бир ҳолатда (“Навоий нефт базаси” МЧЖ) октан сони меъёрдан пастлиги аниқланган. Жами аниқланган сифатсиз маҳсулотлар миқдори 4,044 минг тоннани ташкил этган.

Кучлик (73,2 тонна) ва Навоий (38,7 тонна) нефт базаларида аниқланган сифатсиз нефт маҳсулотларининг сифатлари “Ўзэнергоинспекция”нинг мажбурий кўрсатмасига асосан, Ўзбекистон нефт ва газ илмий тадқиқот ва лойиҳалаш институти, “Ўзнефтмаҳсулот" ва “Ўздавнефтгазинспекция” томонидан ишлаб чиқилиб 2012 йилнинг 1 октябр кунидан кучга кирган “Нефт, газ конденсати ва нефт маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, ташиш, бериш ва ҳисобга олиш бўйича йўриқнома” 30-сонли иловасининг 4-банди “Нокондисион маҳсулотларни аниқлаш билан боғлиқ асосий чора-тадбирлар, маҳсулотлар сифатини тиклаш” асосида ўрнатилган тартибда тикланиб, камчилик бартараф этилиб, истеъмолчиларга сифатли тарзда етказиб берилган. Нефт маҳсулотларининг сифати бўйича истеъмолчилардан эътирозлар бўлмаган.

“Урганч нефт базаси” МЧЖ ва унинг Шовот ҳамда Хонқа филиалларида (2,072 минг тонна) аниқланган сифатсиз автобензиннинг 587,0 тоннасини “Ўзенергоинспексия”нинг мажбурий кўрсатмасига асосан, юқорида келтирилган йўриқнома талаблари асосида ўрнатилган тартибда сифати тикланиб, истеъмолчиларга етказиб берилган. Ушбу маҳсулот бўйича ҳам истеъмолчилардан эътирозлар келиб тушмаган. Ҳозирги кунда 1,485 минг тонна автобензинининг сифатини тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.

“Бухоро нефт базаси” МЧЖ ва унинг Қоракўл филиалида (1,86 минг тонна) аниқланган сифатсиз нефт маҳсулотларининг 323,0 тоннасини “Ўзэнергоинспекция”нинг мажбурий кўрсатмасига биноан, юқорида келтирилган йўриқнома талаблари асосида ўрнатилган тартибда сифати тикланиб, истеъмолчиларга етказиб берилган. Ҳозирги кунда 1,537 минг тонна автобензиннинг сифатини тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.

Нефт маҳсулотлари сифатининг бузилишига йўл қўйган 4 нафар раҳбар ходим ва 4 нафар моддий жавобгар шахслар фаолиятига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилади.

Нефт маҳсулотларини сифат ва миқдор жиҳатидан бус-бутун сақланишини таъминлаш юзасидан барча нефт база раҳбарлари огоҳлантирилган ва келгусида нефт маҳсулотларини сифат жиҳатидан тўлиқ сақлаш ҳамда истеъмолчиларга сифатли тарзда етказиб берилишини таъминлаш бўйича нефт базалар томонидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда, дейилади хабарда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+