platina.uz

3 миллионга яқин ўзбекистонлик тақдири нима бўляпти?

Россияда ишлаш ўта машаққатли, аммо кам даромадли фаолият бўлиб қолди.

Жамият
7 август 2023 йил
3 миллионга яқин ўзбекистонлик тақдири нима бўляпти?

Россиянинг Украинага бостириб кириши билан бошланган уруш янги паллага кирмоқда. Бу аввало Украина армиясининг Россия босиб олган ҳудудларни қайтиб олиш мақсадида қарши ҳужумга ўтаётгани билан боғлиқ. Катта тахмин билан ушбу янги стратегиянинг бир қисми ўлароқ Россиянинг ички ҳудудлари, хусусан Москва маркази, ҳатто Кремлга ҳам учувчисиз дронлар ҳужуми кузатилмоқда.

Россия армиясининг таъминотчи нуқталарини йўқ қилиш мақсадида Қримга ҳамда Украина билан чегарадош ҳудудларга ракета ва дрон ҳужумлари уюштирилмоқда. Путин ҳам ердан, ҳам сувдан, ҳам фазодан ҳимоя қилинади, дея иддао қилган Қрим кўприги ҳам шу кунгача 2 марта портлатилди. Россия армиясининг, хусусан ҳаво ҳужумидан ҳимоя кучларининг қудрати ҳақидаги иддаоларнинг таги пуч экани билиниб қолди. Украина президенти Владимир Зеленскийнинг таъбири билан айтганда, “уруш Россия ҳудудига кўчмоқда”.

Шундай бир шароитда Россияда қонуний равишда меҳнат қилаётган мигрантларимизнинг аҳволи қандай кечяпти, деган савол ҳар бир бефарқ бўлмаган ватандошимиз хаёлидан ўтаётган бўлса ажаб эмас. Чунки аксарият оилалардан ҳеч бўлмаса 1 киши Россияда меҳнат муҳожирлигида юрибди.

Умуман олганда, Ўзбекистон давлат идоралари, хусусан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги қайси йўл билан кетишидан қатъи назар, барча меҳнат мигрантларига ёрдам беришни ўз зиммасига олган. Бунинг учун Россиянинг 16 та йирик шаҳрида Агентликнинг доимий вакиллари фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу вакиллар орқали меҳнат мигрантлари билан иш олиб борилмоқда. Қолаверса, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳамда консулликлари ҳам четда тургани йўқ.

Лекин Россияда ишлаш ўта машаққатли, аммо кам даромадли фаолият бўлиб қолди. Россиядан жўнатилаётган пул ўтказмаларининг ўртача қиймати 500 доллардан ошмаяпти. Бунинг устига йиллаб оиласидан, қариндош ва дўстларидан узоқда, мусофирчиликда юриши осон эмас. Келиб кетиш харажатлари ва машаққатлари, фарзандлар тарбиясининг бузилаётгани, ҳатто оилаларнинг бузилиб кетиш ҳолатлари учрамоқда. Бу ҳали ҳолваси. Бу саргардонликларнинг аччиқ “мева”сини келажакда кўрамиз ҳали.

Бу ҳам етмагандек, охирги пайтларда мигрантларни, шунингдек, маҳбус ватандошларимизни ёлғон ваъдалар, алдов ва мажбурлаш воситасида урушга ёллаш ҳолатлари кўпаймоқда. Ҳатто мигрантларни қалбаки айбловлар билан қамаб, кейин урушга жўнатиш схемаси ҳам йўлга қўйилгани исботланди. Шу кеча кундузда эса Россия полицияси томонидан мигрантларга қарши рейдлар ва депортация қилишлар кучайган.

Россия ҳукуматининг мигрантларни урушда қурбон қилиш ҳаракатларига чап бераётган мигрантларимиз ҳам барибир агрессор давлат ёлғонларининг қурбони бўлмоқда. Украинанинг Россия аннексия қилган ҳудудларига ишлашга, деб олиб бориб, кейин урушга ташлаш ҳолатлари ҳам мунтазам тус олмоқда. Масалан, Украина Қуролли Кучлари Бош штабининг маълум қилишича, бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Украинанинг ҳозирда Россия истило қилган Мариупол шаҳрига олиб келишган. Уларга яхши даромадли иш таклиф этишган. Улар шаҳарга етиб келишгач, паспортларини тортиб олишган ва “кўнгилли” сифатида фронтга жўнатишган.

Шу муносабат билан Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясининг Украинага қарши урушида қатнашмаслик ва Украинанинг Россия томонидан вақтинча истило қилинган ҳудудларига бормасликка чақирганди.

Зеро Россиянинг бу шарафсиз урушида қатнашиш аввало Ўзбекистон қонунчилигига зид бўлса, қолаверса, Россия вақтинча истило қилган Украина ҳудудларида ҳатто ишлашга бориш ҳам Украина рухсатисиз амалга оширилгани ҳамда душман тараф - истилочи рус армияси билан ҳамкорлик қилингани учун келгусида жиноий жазога олиб келиши мумкин.

Россия ёққан уруш оловининг “тил”лари унинг ўзини ҳам куйдираётган бир пайтда айрим давлатлар бу ердаги фуқароларини эвакуация қилиш ҳақида ўйламоқда. Масалан, Туркманистон ҳукумати Россия ҳудудлари, шу жумладан Москва шаҳрининг мунтазам ўққа тутилаётгани муносабати билан Россиядаги фуқаролари – талаба ва меҳнат мигрантларини фавқулодда эвакуация қилишга қарор қилган.

Россияни меҳнат мигрантлари билан таъминловчи бошқа Марказий Осиё давлатларининг бунга ўхшаш реакция кўрсатишгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Ўзбекистоннинг хорижда меҳнат қилувчи фуқароларининг вазиятидан кўпроқ хабардор давлат идораларидан бири - Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг бу борадаги расмий позицияси ҳам кўпчиликни қизиқтиради, албатта.

Агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норовнинг нашримизга маълум қилишича, Ўзбекистон фуқаролари Украинанинг Россия аннексия қилинган ҳудудларига ишлаш учун ҳам боришлари мумкин эмас, чунки мамлакатимиз ушбу ҳудудларни Украина ҳудуди, деб тан олган. Айни пайтда Ўзбекистон Россиянинг ўққа тутилаётган ҳудудларидан ўз фуқароларини олиб чиқиш борасида қандай режа ёки қарорга эга, деган саволимизга эса агентлик бу масалада ваколатли эмаслиги маълум қилинди. Бироқ О.Норовнинг ўз шахсий фикрича, Россиядаги вазият ҳали фуқароларни эвакуация қилиш даражасига бориб етмади. Агар вазият тақозо қилса, бу масалада ҳукумат даражасида кўрилса керак.

Қолаверса, Ўзбекистоннинг Россиядаги фуқаролари Туркманистон фуқаролари каби камгина эмас. Саноқли кунларда миллионлаб одамни қайтариш жисмонан осон иш эмас, – дейди агентлик вакили.

Биз ҳам албатта шундай фикрдамиз. Коронавирус пандемияси давридаги эвакуация билан боғлиқ қийинчиликлар ва можароларни эсга олсак, қисқа кунлар ичида 3 миллионга яқин ўзбекистонликни ватанга қайтариш, бир сўз билан ифодалаганда, имконсиздир.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+