platina.uz

ДХХ пора эвазига ўқишга киритмоқчи бўлган шахсларни ушламоқда

Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 28,211- (пора бериш) моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жамият
5 август 2023 йил
ДХХ пора эвазига ўқишга киритмоқчи бўлган шахсларни ушламоқда

ДХХ пора эвазига ўқишга киритмоқчи бўлганларни қўлга олди.

Жумладан, ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Андижон давлат университети ходими юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқарони мазкур олий ўқув юртининг “Биология” йўналишининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Қарши шаҳрида яшовчи, 1992 й.т. шахс ўзганинг ишончига кириб, мансабдор танишлари ёрдамида уни Қарши давлат университетининг “Спорт” факультетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Бу йўналишда Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбир ўтказишди.

Хусусан, Чирчиқ давлат педагогика университетининг бўлим бошлиғи 2 нафар фуқаронинг Россия Федерацияси олий ўқув юртидаги ўқишини ўзи фаолият юритаётган университетга кўчириб бериш ва 2 нафар фуқарога инглиз тилини билиш бўйича халқаро сертификат олиб бериш эвазига 10.100 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Чирчиқ давлат педагогика университети ўқитувчиси фуқарони ушбу олий ўқув юртининг мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Яна бир ҳолатда Қибрай туманида яшовчи эр-хотин ўзларининг танишлари ёрдамида фуқарони Чирчиқ давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3500 АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 28,211- (пора бериш) моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда ИИБ ходими, солиқ вакили, ва Миллий гвардия хизматчиси ушланганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+