Ашхободдаги 3 томонлама саммит мақсади очиқланди
Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан уч томонлама саммитда иштирок этди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 август куни Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон иштирокида ўтган уч томонлама саммитда иштирок этди.
Учрашув кун тартибига мувофиқ, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергетика соҳасини ривожлантириш, транспорт-логистика салоҳиятини ошириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон президенти янги хавф-хатарларга эътибор қаратиб, уларга муносиб ва чуқур ўйланган жавобларни биргаликда излаш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Бу минтақада сув танқислиги тобора ортиб, кейинги йилларда кескин тус олаётган шароитда айниқса муҳимлигини айтди.
Сув тежайдиган илғор технологияларни жорий этиш ва ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, сел ва тошқин сувларини тўплаш ва сақлаш учун инфратузилмани биргаликда ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш таклиф қилинди.
— Бу масалаларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг бутун салоҳиятини ҳамда Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки каби шерик ташкилот ва тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни ишга солиш лозим, — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзаро интеграциялашган транспорт инфратузилмасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимиз етакчиси “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон” йўлагининг ривожлантирилиши, Транскаспий йўналиши салоҳиятининг ишга солиниши Марказий Осиёнинг “Шарқ – Ғарб” ва “Шимол – Жануб” халқаро йўлакларидаги транзит маркази сифатидаги жозибадорлигини оширишига ишонч билдирди.
Шу мақсадда халқаро юк ташувчилар учун қулай шароитлар яратиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва назорат-ўтказиш масканларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш йўлида биргаликда ишлаш таклиф қилинди.