Ўзбекистон элчихонаси Украина ТИВга сўров юборди
Эслатиб ўтамиз, мазкур маълумотлар юзасидан Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам баёнот берганди.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига сўров юборди. Бу ҳақда элчихона сайтида маълумот берилди.
"Украина Қуролли Кучлари Бош штаби томонидан Ўзбекистон фуқароларини Россия қўшинлари сафига кўнгилли сифатида мажбуран сафарбар этилаётгани тўғрисида чоп этилган маълумот юзасидан элчихона мазкур давлат Ташқи ишлар вазирлигига тегишли сўров юборди.
Ушбу масала дипломатик ваколатхона томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, Украина томонидан юқоридаги маълумот тасдиқланган тақдирда, фуқароларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича керакли барча чора-тадбирлар кўрилади" дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур маълумотлар юзасидан Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам баёнот берганди. Унга кўра, "Украинага қарши агрессияда қатнашганлар мамлакат қонунлари асосида жазоланади". Элчихона Ўзбекистон фуқароларини урушда қатнашмасликка чақирган.




