Сурхондарё ҳокими қамашни буюрди, аммо кейинчалик бу рад этилди
Деновда ўтказилган йиғилишда Сурхондарё вилоят ҳокими раҳбарларга танбеҳ бергани, ноқонуний қилмишлари учун фермерлардан бирини қамоққа олиш бўйича топшириқ бергани акс этган. Видеотасвирда ҳокимнинг қамоққа олиш ҳақида айтгани аниқ эшитилади.
Жорий йилнинг 21 июл куни Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг маҳаллий раҳбарлар ва фермерлар билан учрашуви тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Унда қишлоқ хўжалиги бўйича Деновда ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими раҳбарларга танбеҳ бергани, ноқонуний қилмишлари учун фермерлардан бирини қамоққа олиш бўйича топшириқ бергани акс этган. Видеотасвирда ҳокимнинг қамоққа олиш ҳақида айтгани аниқ эшитилади.
Таъкидлаш керак, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, ҳокимлар фуқароларни қамоққа олиш ҳақида бевосита буйруқ бериш ваколатига эга эмас.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати ушбу вазият юзасидан расмий баёнот билан чиқди. Унда таъкидланишича, видеоматериалда 2023 йилнинг 4 июль куни Денов туманининг “Ҳазорбоғ” ҳудудида қишлоқ хўжалиги масалаларига бағишлаб соҳа мутасаддилари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилиш акс этган. Унда вилоят ҳокими тумандаги айрим фермер хўжаликлари пахта далаларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги, ажратилган ресурслардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилаётганини танқид қилиб, мутасаддиларга мавжуд ҳолатларни ўрганиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо бериш топшириғини берган.
Йиғилишдан сўнг эса хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш айтилган фермер хўжаликлари раҳбарларига камчиликларини тўғирлаш учун имкон берилган ва мавжуд муаммолар қисқа муддатда бартараф этилган. Ҳеч қайси фермер хўжалиги раҳбари қамоққа олинмаган, дейилади ҳокимлик матбуот хизматининг баёнотида.