platina.uz

Шифокор фаввораларда чўмилишнинг оқибатларидан огоҳлантирди

Бундай объектлар суви бассейнлар сингари тез-тез алмаштирилмайди ва зарарсизлантирилмайди.

Жамият
14 июль 2023 йил
Шифокор фаввораларда чўмилишнинг оқибатларидан огоҳлантирди

Фаввораларда чўмилиш хавфли ва бир қатор касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Санитария-эпидемиология қўмитаси бўлим бошлиғи Дилором Турсунова мавзу юзасидан муҳим маълумотларни бериб ўтди.

— Фавворалар — ҳавони намлантириб туриш ва ён-атрофга эстетик кўрк бағишлаш мақсадида барпо этилади. Улар чўмилиш учун мўлжалланмаган.

Бундай объектлар суви бассейнлар сингари тез-тез алмаштирилмайди ва зарарсизлантирилмайди. Шу боис иссиқда уларда микроорганизмлар тез ва осон кўпаяди.

Оқибатда фавворада чўмилиш ўткир вирусли ичак инфекциялари, гепатит (А,Е), ичбуруғ, ичтерлама, лямблиоз каби хавфли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Қолаверса, бундай ҳафзаларга турли коммуникация ва ёритиш мосламалари ўрнатилган бўлиши мумкин. Бу эса сув остидаги конструкцияларга қоқилиб, жароҳат олиш хавфини оширади.

Яна бир омил: фонтанлар — қушлар, ит ва мушуклар ҳамда бошқа жониворлар чанқоғини қондириши, чўмилиши, шўнғиши учун очиқ ҳамда қулай манба. Бу эса мазкур ҳавзаларга турли личинкалар тушишига олиб келади.

Агар шундай ифлосланган сувга болалар, айниқса, баданида турли яра ва жароҳатлари бор ўғил-қизлар тушса, тери касалликларини келтириб чиқарувчи стафилококк, стрептококк, энтеравируслар ва бошқа паразит ҳамда микробларни юқтириб олиши осон.

Бундай муҳит бурун, оғиз ва қулоқ шиллиқ қаватлари яллиғланишига ҳам олиб келиши эҳтимоли мавжуд.

Ўз навбатида, ёмғир суви фаввораларга қўшилиши улар таркибида зарарли кимёвий аралашмалар пайдо бўлишига олиб келишини унутмаслик керак.

Айни сабабдан, аввало, тақиқланган, ифлосланган, текширилмаган ва нотаниш сув ҳавзаларига тушмасликни тавсия этилади.

Аввалроқ организмни тез қаритадиган маҳсулотлар ҳақида маълумот берилганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+