Туркманистонда давлат тўнтариши айблови билан 20 киши ушланди
Нашрнинг ёзишича, давлат тўнтаришининг ташкилотчиси 2013 йилда вафот этган собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Пайзигелди Мередовнинг ўғли Ботир Мередов бўлган.
Туркманистон махсус хизматлари Мари вилоятининг 20 дан ортиқ аҳолисини қуролли тўнтаришга тайёргарлик кўрганликда гумон қилиб қўлга олди, дея хабар бермоқда Turkmen.news манбаларга асосланиб.
Нашрнинг ёзишича, давлат тўнтаришининг ташкилотчиси 2013 йилда вафот этган собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Пайзигелди Мередовнинг ўғли Ботир Мередов бўлган. Туркманистон ички ишлар вазири ўринбосари Aхмет Ходжатовнинг ҳибсга олингани ҳақида ҳам маълумот мавжуд.
Эҳтимолий исёнчилар Туркманистонга қурол-яроғларни “бутун юк машиналари” билан олиб кирган. Манбалардан бирининг қўшимча қилишича, расмийлар қуролли фитна ҳақидаги маълумотни мамлакатда интернетни оммавий равишда тўсиб қўйиш орқали яширишга уринган.
ЕХҲТ маълумотларига кўра, Пайзигелди Мередов биринчи президент Сапармурод Ниёзов вафотидан кейин ҳибсга олинган. 2007 йилда суд уни хизмат вазифаларига бепарволик айби билан 19 йилга озодликдан маҳрум қилган. Бир йил ўтгач, у режимни бузгани учун машҳур Овадан Депе сиёсий қамоқхонасига ўтказилди. Расмий маълумотларга кўра, у 2013 йилда колонияда юрак хуружидан вафот этган.
Aхмет Ходжатов 2018 йилда ички ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинланганди. Тегишли фармонни Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов имзолаган. Илгари Ходжатов Мари вилояти ИИБни бошқарган.