Нефт-газ соҳаси раҳбарлари ҳам алмашди
Баҳодиржон Сидиқов «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси этиб тайинланди.

Нефт-газ соҳасида янги тайинловлар амалга оширилди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Жумладан, Баҳодиржон Сидиқов «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси этиб тайинланди. Бунга қадар у «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Рустам Шеров «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раисининг Геология ва қазиб чиқариш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Шу кунга қадар у «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раисининг Қазиб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.
Одил Темиров «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раисининг Қайта ишлаш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар у «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқарув раисининг ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш, саноатда кооперасия алоқаларини кенгайтириш ва ахборот технологиялари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Алишер Агзамов «UzGasTrade» АЖ бошқаруви раиси лавозимига тайинланди. Бунга қадар у «UzGasTrade» АЖ Табиий газни харид қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Аввалроқ “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раиси лавозимига Баҳодир Жўраев тайинлангани хабар қилинганди.
Таъкидлаш жоизки, Баҳодиржон Сидиқов шу йилнинг март ойида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.
