Узунда аёл ўқитувчиларни дўппослаган ўқитувчига ҳукм ўқилди
Мактаб директори хонасида ўтказилаётган йиғилишда 34 ёшли эркак ўқитувчи икки нафар аёл ўқитувчи билан жанжаллашиб, уларни дўппослаган эди.
Бугун, 16 июнь куни жиноят ишлари бўйича Узун туман судида 31-мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси Г. Т. га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинган.
Унга кўра Г. Т. Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан айбли деб топилиб, жиноят оқибатида икки нафар жабрланувчига етказилган маънавий ва моддий зарарлар қоплангани ҳамда уларнинг судланувчига нисбатан даъвоси йўқлиги инобатга олинган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.
Шу йил 14 апрель куни соат 12:00 ларда Узун туманидаги 31-мактаб директори хонасида ўтказилаётган йиғилишда 34 ёшли эркак ўқитувчи икки нафар аёл ўқитувчи билан жанжаллашиб, уларни дўппослаган эди.