platina.uz

Асосий ставка ўзгармади: таъсири қандай?

Кенг қамровли инфляцион жараёнларнинг юмшаб бораётгани истеъмол саватидаги нархи 10 фоиздан юқори ошган товар ва хизматларнинг улуши 50 фоизгача камайишига имкон берди.

Иқтисод
15 июнь 2023 йил
Асосий ставка ўзгармади: таъсири қандай?

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолди. Бунгача ҳам шу фоизда эди.

Маълумотга кўра, май ойида умумий инфляция йиллик ҳисобда 10,4 фоизгача секинлашди. Бунда базавий инфляция секинроқ пасайиб, 12,4 фоизни ташкил этди.

Кенг қамровли инфляцион жараёнларнинг юмшаб бораётгани истеъмол саватидаги нархи 10 фоиздан юқори ошган товар ва хизматларнинг улуши 50 фоизгача камайишига имкон берди. Бироқ ушбу кўрсаткич 2020-2021 йиллардаги 30-40 фоиздан юқори даражада шаклланган.

Ўтган йилги юқори база таъсирларини тугаб бориши, мавсумий омиллар ва тартибга солинадиган нархларнинг деярли ўзгаришсиз сақланлиги ҳамда миллий валюта алмушув курсининг нисбатан барқарор даражада бўлганлиги инфляциянинг пасайишига хизмат қилган асосий омиллардандир.

Айни пайтда, инфляциянинг узоқ муддатли компонентларида барқарор пасайиш тенденцияси секин шаклланмоқда.

Кейинги 12 ой учун аҳолининг инфляцион кутилмаларини пасаювчи тренди давом этиб, май ойида 13,7 фоизни ташкил этди. Ички иқтисодий шароитларнинг барқарорлашиб бораётгани тадбиркорларнинг инфляцион кутилмаларининг 13,5 фоизгача пасайишида ўз аксини топди.

Иқтисодий фаолликнинг муқобил кўрсаткичларининг аксарияти жорий йилнинг апрель-май ойларида ўсувчи динамикани давом эттириб, узоқ муддатли тенденциядан юқорироқ шаклланди. Банклараро битимлар ҳажми ҳамда савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан мос равишда 1,6 ва 1,4 баробарга ошгани иқтисодиётда юқори истеъмол фаолликнинг сақланиб қолаётганлигидан далолат беради.

Глобал инфляция жараёнлари, асосан, энергетика ва хомашё бозорларидаги нархларнинг ўтган йилги оширувчи таъсирининг камайиши ҳисобига секинлашаётган бўлса-да, инфляциянинг таргет кўрсаткичларидан баландлиги ва хизматлар соҳасидаги оширувчи хатарлар сақланиб қолаётганлиги ташқи молиявий шароитларнинг қатъий шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Ўтган йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб банклараро пул бозорида Uzonia ставкаси ва ўртача тортилган фоиз ставкалари фоиз коридори доирасида 13,5 фоиз атрофида шаклланди. Пул бозорини нисбатан узоқроқ муддатли сегментларидаги фоиз ставкалар, ликвидликнинг таркибий профицитини камайиб бориши шароитида, нисбатан ўсувчи динамикани касб этган.

Жорий йилнинг май ойида жисмоний ва юридик шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари мос равишда 20,8 ва 17 фоизни ташкил этиб, жами муддатли депозитларнинг ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга, аҳоли депозитларини эса 1,6 баробарга ўсиши кузатилди.

Миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари май ойида бироз пасайиб, 22,8 фоиз даражасида шаклланди. Ўз навбатида, кредитлаш ҳажмининг ўсиши асосан чакана кредитларни юқори суръатларда ўсиши ҳисобига таъминланмоқда. Май ойи якунлари бўйича чакана кредитлар қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга кўпайган.

Макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида 2023 йил якунига қадар инфляциянинг 8,5-9,5 фоизгача пасайиши ҳамда инфляцияни пасайтирувчи омиллар таъсирини оширувчи омилларга нисбатан кучлироқ бўлиши кутилмоқда.

Нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақлаб қолиниши ва ташқи шароитларнинг нархларга нисбатан таъсирларни мўътадиллиги инфляцияни пасайтирувчи омиллар сифатида қаралмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+