Platina.uz танқидидан сўнг: вазирликка тақдимнома киритилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва ниҳоят ушбу ҳолатни ўрганиб чиққан ва вазир тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкин эмаслигини айтган.
Platina.uz Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековнинг “Коба санъат мажмуаси” МЧЖнинг таъсисчиси экани ҳақида ёзгач, бу расман тасдиқланган ва вазирликка тақдимнома киритилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва ниҳоят ушбу ҳолатни ўрганиб чиққан ва вазир тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкин эмаслигини айтган. Аввалроқ сўровимизга жавоб берганда ҳатто вазир исмини айтишни ҳам истамаганди.
Ўрганиш мобайнида ҳақиқатдан ҳам О.Назарбековнинг 2016 йил 16 мартда давлат рўйхатидан ўтказилган “Коба санъат мажмуаси” МЧЖда 100 фоизлик улуш билан таъсисчи экани аниқланган.
Агентликнинг тан олишича, юқоридаги қонунчиликка номувофиқлик бартараф этилиб, “Коба санъат мажмуаси” МЧЖ таъсисчиси ўзгартирилган ва МЧЖ вазирнинг ўғли номига ўтказиб берилган.
1 июнь куни Сенатда муҳокама қилинадиган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунда айнан амалдорларнинг ўғиллари ва бошқа қариндошлари ҳам тадбиркорлик билан шуғуллана олишига янада аниқлик киритилади.
Айтилишича, бугун, 30 май куни Маданият ва туризм вазирлигига келгусида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонуности ҳужжатларига қатъий риоя қилиниши ҳамда вазирлик фаолиятида очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик принципларига риоя қилинишини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан тақдимнома киритилган.