Тошкентдаги боғчада болаларга игна тиқилгани ошкор бўлди
Воқеа пойтахтдаги 122-cонли мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган.
Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани 122-боғчада болаларни ухламагани учун оёқларига игна тиқишаётгани айтилаётган видеохабар ижтимоий тармоқларга тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Аниқланишича, педагогика коллежи ўқувчиси Р.М. амалиётини ўташ учун Янгиҳаёт тумани “Орият” МФЙда жойлашган 122-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига 11 май кунидан 4-сонли кичик гуруҳга қабул қилинган.
26 май куни шу гуруҳ тарбияланувчиларининг икки-уч нафарига ухламагани сабабли игна тиқиб олингани маълум бўлган. Ҳозирда талаба Р.М. амалиётдан четлатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт туман ИИО ФМБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.