“Ташаббусли бюджет”да сифатсиз ишлар ва қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланди
Тошкент вилоятида ўтказилган назорат тадбирларида ҳудуднинг 8 нафар мансабдор шахслар интизомий, 21 нафар мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди, қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 9 та жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5072-сон қарори ижроси ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши устидан қатъий прокурор назорати ўрнатилган.
“Ташаббусли бюджет” дастури доирасида Тошкент вилоятида 2022 йилда жами 346 та лойиҳаларнинг қурилиш-таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш ишлари якунланди.
Хусусан, аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш мақсадида 30,1 км. янгидан ичимлик суви тармоғи тортилиб, 9 та сув иншооти ўрнатилиши натижасида 19 та ичимлик суви ва 2 та оқова сув объектларида қурилиш – монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди.
Ички йўлларни таъмирлаш соҳасида 134 та ички йўллар фойдаланишга топширилиб, абгор ҳолатдаги 232,2 км. йўлларга асфалт, 6 км. йўлларга қум-шағал қопланмаси ётқизилди.
Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 21 та қурилиш объектлари фойдаланишга топширилиб, 21 км. электр тармоғи тортилди, 493 та симёғоч ҳамда 6 та трансформаторлар ўрнатилди.
Шунингдек, 112 та мактаб, 23 та мактабгача таълим ташкилоти, 22 та соғлиқни сақлаш, 7 та спорт ҳамда 6 тал МФЙ бинолари объектларида қурилиш-таъмирлаш ҳамда моддий-техника базасини ривожлантириш ишлари якунланди.
Вилоят прокуратураси органлари томонидан қурилиш объектларини жойга чиққан ҳолда ўрганиш давомида 54 та ҳолатда 1,8 млрд. сўмлик сифатсиз ишлар, 39 та ҳолатда 1,2 млрд. сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланиб, бартараф қилинди.
Назорат тадбирлари давомида, 8 нафар мансабдор шахслар интизомий, 21 нафар мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди, кўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 9 та жиноят иши қўзғатилди.