platina.uz

Жаҳон элитаси ядро урушига тайёргарлик кўрмоқда

Янги Зеландияда атом уруши пайтида жон сақлаш учун ер ости бошпаналарини қуриш ва жиҳозлаш якунига етган.

Мақола
22 май 2023 йил
Жаҳон элитаси ядро урушига тайёргарлик кўрмоқда

Аслида, конспирология, деганда ақлли инсонларнинг юзида истеҳзоли табассум пайдо бўлади. “Дунёни масонлар бошқаради, ҳадемай доллар синади (30 йилдан бери “синади”), Россия битта ракета отса, Америка сувни тагида қолиб кетади (Америка қитъаси тоғора эмаску, илмсиз ахмоқ, десанг, шундай довдирларга. Қолаверса, бу гап рост бўлса, коммунистлар аллақачон ўша ракетасини отган бўларди), чириган Ғарб ҳадемай тўкилиб тушади (“чириган” Ғарбнинг тўкилишини кутавериб, СССРнинг ўзи чириб, тарих саҳнасидан супурилди), орамизда ўзга сайёраликлар ниқобланган ҳолда яшайди” каби ваҳимали аммо тутуруқсиз гаплар ёлғон шов-шув кўтариш, сариқ матбуот саҳифаларини тўлдириш, пропагандистлар учун халқ онгини чалғитиш ҳамда популист тентакларнинг одамларни ўзига қаратиши учун яхшигина хўрак вазифасини бажаради.

Лекин “дунё элитаси ядро урушидан омон қолиш учун аллақачон ўз тадоригини кўриб қўйган”, деган миш-мишларда жон бордек. Чунки ишончли ва нуфузли жаҳон ОАВ бу тезисни у ёки бу жиҳатдан исботлайдиган фактлар ҳақида гувоҳлик бермоқда.

Нафақат давлат раҳбарлари, балки йирик бизнес эгалари, миллионер ва миллиардерларнинг ядро уруши рўй беришини эҳтимолдан соқит этмасликлари ва бу кунга ўзига хос тарзда тайёргарлик кўриб қўйишлари ҳақида тез-тез эшитиб қоламиз.

Масалан, 2020 йилда қиймати 6 миллиард долларга баҳоланган Reddit компаниясининг 38 ёшли асосчиси ҳамда директори Стив Хаффман 2015 йилда кўзи хиралашганида лазер операцияси ўтказиб коррекция қилган эди. Бундай қарорга келиши сабаби сўралганида “агар охир замон бошланса, муаммо кўпаяди. Кўзойнак ёки линза топиш муаммо туғдиради. Бундай пайтда соғлом кўз билан омон қолиш эҳтимоли кўпроқ бўлади”, деган миллиардер.
Айрим конспирологик ғояларга қаттиқ ишонувчи кишилар эса ҳатто охир замон учун қуроллар, керакли жиҳозлар, озиқ-овқат ва кийимларни захира қилиб қўйишган ва буни очиқ айтишдан тортинишмайди ҳам.

Қисқа қилиб айтсак, элита ўзини ҳаммадан устун кўради ва барча олий имтиёзларга ўзини энг биринчи ҳақдор, деб билади. Шунинг учун кўпчилик элита вакиллари охир замон келса, қандай фалокат келиши – ядро уруши, зилзила, сув тошқинидан қатъий назар, бункерлар остида омон қолишдан умид қилишади.

Давлат раҳбарларининг деярли барчаси учун шундай махсус бункерлар қурилган. Ҳатто АҚШ президентининг қароргоҳи бўлмиш Оқ Уй остида ҳам катта майдонга шундай шароитларга эга ертўла-уй борлиги айтилади.

Россия президенти Владимир Путиннинг ҳам 7 та жойда, жуда чуқурликда жойлашган бункерлари борлиги Ғарб разведкаси томонидан аниқланган. Энг асосийси ва янгиси Урал тоғлари яқинида экани маълум қилинган.

Айни пайтда Зеленский бутун дунёни кезмоқда, халқ ва аскарлар билан учрашиб, уларнинг руҳини кўтармоқда, ҳолидан хабар олмоқда. Путин эса қопқондан қўрққан ва бурчакка қисилган бир жирканч каламуш каби қайсидир бир бункерда дамини чиқармасдан писиб, яшириниб ётибди. Ора-сирада халқ орасига чиқди, деб айтилсада, бу “чиқишлар” аслида компьютер монтажи экани билиниб қоляпти. Ҳатто яқинда ўтказилган 9 май парадида ҳам Путин қўрқиб, барча Марказий Осиё раҳбарларини деярли ялиниб (балки ялинмасдан) чақириб олди. Чунки Путин бошқа президентлар орасида бўлса уни йўқ қилишга уринмасликларини ҳисобга олди шекилли. Лекин парад пайтида олинган бир видео тарқалди, унда оркестр қаттиқ бир гумбурлатганида Путиннинг қўрқиб, чор-атрофга аланглаб, довдираб қолгани кўринади.

Бундан келиб чиқадики, элитанинг бирор хавфсиз жойда ядро урушидан омон қолиш учун бункерларда жон сақлашга уриниши ҳам шунчаки миш-миш эмас.

Хусусан, Янги Зеландияда шундай бенкерлар қурилаётгани ҳақида илк марта 2017 йилда хабар беришган эди.

Унда айтилишича, Янги Зеландиядаги ороллар аввал очиқ бўлган. Исталган одам у ерларни томоша қилиши, бемалол сайр қилиб, катер ёки қайиқда сузиб айланиши мумкин бўлган.

Кейин эса қўриқчилар пайдо бўлган. Улар ортидан эса қурувчилар келиб, ҳар олтинчи-еттинчи оролда қандайдир чуқурлар қазишган. Ер устида эса уйлар ва самолёт қўниб-учиши учун йўлаклар қуришган.

Айтишиларича ҳозирга келиб, қурилиш ишлари ниҳоясига етган. Ҳозир бу ерда турли давлатлардан келган одамлар, руслар, америкаликлар ва европаликларни кўриш мумкин. Уларнинг ҳаммаси пўрим кийинган ва сипо одамлар. Атрофни қўриқлаш тартиби эса баттар кучайган.

Айрим манбаларнинг маълум қилишича, ҳозирги замонавий атомга қарши бункерлар ер остида чуқур жойлашган, барча шароитларга эга бомбадан бошпана жойлари бўлиб, атом бомбаси портлашининг барча зарарларидан асрай олади. Бундай бошпаналарда одам анча узоқ муддат бехавотир яшаши мумкин.

Бу каби миш-миш ва тахминларда жон бўлиши, бункер ғоясида ҳақиқатнинг баъзи элементлари ҳам бўлиши мумкин.

Маҳаллий Mason and Wales Architect фирмасининг архитектору директори Хамиш Муирнинг сўзларига кўра, у қурилишида қатнашган кўплаб объектларда ер ости элементлари мавжуд. Aммо бу фалокат пайтида яшириниш учун эмас, балки ҳокимият томонидан шаҳар эстетикасини сақлаб қолиш учун ўрнатилган баландлик чекловларига риоя қилиш билан боғлиқ. Яъни, шаҳарда маълум бир қаватдан баланд қуришга рухсат берилмагани боис, ер остида ҳам бир қават қуриб, унумли фойдаланишга ҳаракат қилишади.

Ҳашаматли кўчмас мулк агенти Бас Смит Wyuna Preserve қўриқхонасидаги 25 миллион Янги Зеландия долларига тенг қийматдаги (16 миллион АҚШ доллари) кўчмас мулкини мисол қилиб келтирди – бу бино Квинстаун шаҳридаги эксклюзив, гўзал қурилиш бўлиб, ичида кинотеатри мавжуд 600 квадрат метр майдонга тенг ертўласига эга.

Қолаверса “CNN Бизнес” билан суҳбатлашган кўплаб одамлар Янги Зеландия раҳбарияти учун ер ости бункери мутлақо кераксиз эканини таъкидладилар. Бу ерда вулқонлар ва зилзилалар ядро уруши ёки фуқаролар тартибсизликларидан кўра кўпроқ хавф туғдиради.

Янги Зеландиядаги бункер ғояси "хавфсиз бошпана кўпроқ метафора - хавфсиз ҳукумат ва хавфсиз иқтисодиётга эга жойни танлаш", маъносини англатади, деди Смит. "Қолаверса бу ер ҳамма жойдан узоқда”.

Яна бир люкс кўчмас мулк маклери Терри Спиcенинг айтишича, у "хавфсиз бошпана чиптасини" хоҳлайдиган одамларнинг кўпайган. Смитнинг айтишича, у чет элдаги одамлардан кунига 70 та сўров олади. "Бу одамларнинг ҳеч бири охир дунёга тайёргарлик кўраётганини айтмайди. Улар геосиёсий босим даврида Янги Зеландияда дам олиб ишларини бошқармоқчи эканларини айтишади.

Демак, бойларнинг ўзгача кўнгилхушлик қилиши учун бункерлар масаласи жиддийга ўхшамайди. Бироқ бир хулоса кўнгилни ғаш қилади: нега элита охирги пайтда бошпана қидириб қолган бўлса? Нега Россия Украинага бостириб кирганидан кейин ертўлага буюртмалар кўпайди? Эҳтимол улар бирор фалокатни олдиндан билишаётгандир? Ёки, ундан ҳам ёмонроғи, ўзлари ядро урушини ташкиллаштириб, бирор узоқроқ жойда "лойқа сув тинишини" кутиб ўтирмоқчи бўлишаётгандир?..

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+