platina.uz

Путин мигрантлар кўп келадиган мамлакатларда рус мактабларини кўпайтирмоқчи

Россия президенти Владимир Путин Пятигорск шаҳрида ўтган Миллатлараро муносабатлар Кенгаши йиғилишида нутқ сўзлади. Унинг нутқи ҳар доимгидек “ҳамма муаммоларга Ғарб айбдор” қабилидаги жумлалар билан тўлиб-тошган.

Жаҳон
20 май 2023 йил
Путин мигрантлар кўп келадиган мамлакатларда рус мактабларини кўпайтирмоқчи

Шунингдек, мигрантлар энг кўп келадиган давлатларнинг раҳбарлари юзага келиб турадиган муаммолар бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган. “Гап рус мактабларини очиш, ўзимизнинг жамоат ташкилотларимиз, Россиянинг миллий бирлашмалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳақида бормоқда”, – деган Россия президенти.

Путин, шунингдек, миграцион сиёсат масалаларида россияликларнинг манфаатларидан келиб чиқишга чақирди.

Россия раҳбарининг мигрантларга бундай “меҳрибонлиги” ортида бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин.

Масалан, 15 май куни Владимир Путин Россия армиясида “махсус ҳарбий операция” ўтказиш даврида хизмат қилиш учун шартнома тузган хорижликларга соддалаштирилган тартибда фуқаролик бериш ҳақидаги Фармонни имзолади. Мазкур йиғилиш ҳам шунга ўхшаш бирор “меҳрибонлик” дебочаси бўлиши мумкин.

Мигрантлар кўп келадиган мамлакатларда рус мактабларини кўпайтириш эса Путиннинг тажовузкор характерга эга “Рус дунё”си воситасида Россиянинг бошқа давлатларга сиёсий таъсирини кучайтиришга хизмат қилиши табиий.

Қайд этиш жоиз, Россиядаги хорижлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари топталишидан, легал ишлаш учун талаблар оғирлигидан кўп шикоят қилади.

Маҳаллий миллатчи гуруҳларнинг асосий нишон ва қурбонлари ҳам, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ноқонуний муомаласидан жабр чекувчилар ҳам асосан меҳнат мигрантлари ҳисобланади.

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан, меҳнат муҳожирларини “гўшт” сифатида урушга ёллашга уринишлар кучайди.

Тарғибот-ташвиқот ҳамда урушга ёллаш ишларига ҳатто Россиядаги Марказий Осиё халқларининг миллий диаспоралари раҳбарлари ва масжидларнинг имомлари ҳам жалб этилмоқда.

Ҳатто турли ҳуқуқбузарликларни содир этиб қамоққа тушган мигрантларни ёллаш ишлари ҳам авж олган.

Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг раҳбари Александр Бастрикин эса Россия фуқаролигини олган собиқ мигрантларни биринчи навбатда урушга жўнатиш таклифи билан чиққан.

Эслатиш жоиз, Марказий Осиёнинг деярли барча мамлакатларида хорижий армияларда ҳарбий хизмат ўташ оғир жиноят ҳисобланади ва бундай жиноятни содир этган фуқаролар кўп муддатга озодликдан маҳрум этилади. Шундай жангари устидан энг дастлабки суд 17 май куни Қирғизистонда ўтказилди. Жалолобод вилояти, Отбоши туманида 1992 йилда туғилган фуқаро К.у.А. Украинанинг Луганск вилоятида рус босқинчилари сафида жанг қилгани учун суд ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+