platina.uz
Мақола

Россияда жиноятчилик ошмоқда – Украина урушидан қайтганлар муаммоси

Урушда ўлганлар пиёнисталиги ёки уйсизлиги (БОМЖлиги) боис бекорга ўлиб кетганидан кўра, урушда ўлгани фойдалироқ, деганди Путин. Ҳам рус армиясига фойдаси тегади, ҳам унинг болалари урушда ўлган боқувчиси ортидан 4-5 тангалик бўлиб қолишади.

Россияда жиноятчилик ошмоқда – Украина урушидан қайтганлар муаммоси
Фотоколлаж: Platina.uz

Россия Украинага бостириб киргач, саводсиз бошқарув, нотўғри ва нўноқ ҳарбий стратегия, коррупция ва ёлғон ҳисоботлар ўз кучини кўрсатди. Уч кунда Киевни олишга даъво қилган “дунёнинг иккинчи қудратли” армияси 4 йилдан бери Донбассни охиригача босиб олишнинг уддасидан чиқмаяпти.

Ҳар куни миллионлаб долларлик ракета, қурол-яроғ ва техникаларнинг йўқ қилиниши ўз йўлига. Аскарларни боқиш ва даволаш, уларга ваъда қилинган маош ва компенсациялар тўлаш, имтиёзлар бериш бюджетни қуритаётгани, санкциялар натижасида Россиянинг асосий бойликлари – газ ва нефт сувтекинга камгина харидорларга сотилаётгани (чунки бошқалар иккиламчи санкцияларга тушиб қолишдан қўрқади) ва катта чегирмалар боис фойда камайиб кетгани ҳам ўз йўлига. Санкциялар боис Россиянинг жаҳон технологик, молиявий ва илмий тармоғидан узилиб қолгани боис тараққиёт 20-30 йилга орқага ташлангани ҳам алоҳида мавзу. Бироқ энг муҳим масала – аскарларнинг етишмаслиги бўлмоқда. Амалдорларнинг қариндошлари, шунингдек, эсини таниган, ўзини ҳурмат қилган, хуллас,уддасидан чиққан фуқаролар урушга ёлламасликлари учун хорижга қочишди ёки пора билан қутулиб қолишмоқда. Аммо пулга муҳтож, таниши йўқ фуқаролар урушга ташланмоқда ва ўлиб кетишмоқда.

Уруш қурбонлари

Аскар етишмаслиги боис Россия ҳукумати хорижликларни ҳам алдов ва таҳдидлар, туҳмат билан очилган жиноят ишлари воситасида урушга юбормоқда. Энг ёмони – бир пайтлари содир этган даҳшатли жиноятлари учун кўп йилга озодликдан маҳрум этилган ёки ҳукм ўқилган шахслар ҳам урушга бориш эвазига афв этилмоқда.

Уларнинг аксарияти, деярли 70 фоизи Украина тупроқлари учун ўғит бўлиб қолиб кетишяпти, албатта. Аммо қайтиб келганлари энди жиноятчи рецидивист эмас, уруш қаҳрамони сифатида кўкрагига уриб, эски қилиғини қайтаряпти – яна оғир жиноятларга қўл уряпти.

Путиннинг ўз нутқларидан бирида Украинага босқинда иштирок этаётган аскарларни “янги элита” дея таъкидлагани собиқ “СВО”чиларни янада эркалатиб юборди: улар “сенлар учун қон тўкканман” дея кўкрагига уриб, бошқа одамларнинг жони ва молига дахл қила бошлади. Жамоат тартибини бузувчи хатти-ҳаракатларни содир эта бошлади. Ҳатто урушга алоқаси йўқ аблаҳлар ҳам “мен урушдан қайтдим” дея одамларга таҳдид қилиб калтакламоқда, уриб ўлдирмоқда, ёки уйларига бостириб кириб, ўғирликлар содир этмоқда.

Қаҳрамонга айланган жиноятчиларнинг қайта жиноятлари

Масалан, Карелияда 2 нафар шундай уруш “қаҳрамони” 6 кишини сўйиб ташлаган. Қўлга олинган жиноятчилардан бири – собиқ маҳкум бўлиб, “Вагнер” сафида уришгани учун афв этилган. Яна бири эса аввал Краснодар ўлкасида аниматор болаларни уриб ўлдирган.

Самара вилоятида эса “Вагнер”нинг собиқ жангариси ва собиқ маҳкум Украинада тинч аҳолини ўлдириб, урушдан қайтгач, қўшнисининг 9 яшар қизини ўғирлаб кетган ва унинг номусига тегиб,бўғиб ўлдирган.

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас дегандек, собиқ маҳкум ва собиқ жангчилар аввал қайси модда билан жазога тортилган бўлса, урушдан қайтиб келиб худди шу жиноятларни содир этишяпти.

Суд веб-сайтлари маълумотларини кўриб чиққан “Новая Газета Европа” нашрининг хабар беришича, босқин бошланганидан бери Россияда камида 192 нафар уруш қатнашчиси зўравонлик жиноятларида айбланган.

“Қотиллик” моддаси бўйича 49 та иш қўзғатилган. 143 киши турли даражадаги тан жароҳати етказишда айбланган. Ушбу шахслардан 26 нафарининг хатти-ҳаракатлари жабрланувчининг ўлимига олиб келган. Ҳаёт ва соғлиққа қарши жиноятлар содир этганлар орасида ҳар олти аскардан биттаси жиноий тарихга эга.

Нашрда таъкидланишича, бундай жиноятлар ой сайин ортиб бормоқда. 2023 йилда уларнинг сони 13 баравар ошган. Уруш иштирокчилари зўравонлик билан жинсий жиноятлар содир этиш бўйича рекорд ўрнатган.

Масалан, сентябр ойида Брянск гарнизон ҳарбий суди Украинадан қайтган 36 ёшли шартнома асосидаги аскарни 10 ёшли ўгай қизини зўрлагани учун 15 йилга озодликдан маҳрум қилди. Апрел ойида Тувада 24 ёшли уруш фахрийси 66 ёшли нафақахўрни зўрлаб ўлдирди.

“Сиберь.Реалии” нашри аввалроқ 2023 йилда Россия ҳарбий хизматчилари томонидан содир этилган жинсий тажовуз жиноятларининг кўпайганини хабар қилган эди. Ҳарбий судларга 70 дан зиёд зўрлаш бўйича жиноят иши жўнатилган, уларнинг ҳар иккинчи қурбони – вояга етмаганлар бўлган.

Умуман олганда, собиқ уруш қатнашчилари орасида судланганлар сони етти бараварга ошган. Зўравонлик жиноятларидан ташқари, улар маст ҳолда машина бошқариш (252 та судланганлик), гиёҳванд моддалар савдоси (141), ўғирлик (84), фирибгарлик (55) ва бошқа жиноятлар учун судланган. Камида 158 нафар собиқ ва ҳозирги жанг фахрийлари бир нечта жиноятлар учун судланган.

Россия жиноят кодексига кўра, такрорий жиноят содир этган ҳар қандай шахс “содир этилган жиноят учун назарда тутилган энг оғир жазонинг максимал муддатининг учдан бир қисмидан кам” жазо ололмайди, агар енгиллаштирувчи ҳолатлар бўлмаса, албатта. Бироқ, судлар одатда уруш ветеранларига оддий фуқароларга қараганда юмшоқроқ муносабатда бўлишяпти.

Масалан, собиқ хотинини қизларининг олдида калтаклаб, аёлнинг кўзини ўйиб олган собиқ “Вагнер” ёлланма аскарига ўқилган ҳукм кенг жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди. Синган юз суякларини титан пластина билан алмаштиришга мажбур бўлган аёл қасддан ўртача тан жароҳати етказиш бўйича жиноий ишни қўзғатишларига эришди. Бироқ судланувчи судга “Бахмутни қўлга киритгани учун” медалини олиб келди, атиги 5000 рубл жаримага тортилди ва озодликка чиқарилди.

Худди шу ҳолат бошқа жиноятлар бўйича қарорларга ҳам тегишли. Масалан, ҳарбий судланувчиларнинг 80% дан ортиғи маст ҳолда транспорт воситасини бошқаргани учун жаримага тортилган – бу мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан 13 баравар кўп. Ушбу қонун бўйича судланган русларнинг аксарияти жамоат ишларига ҳукм қилинади. Ветеранларнинг 70 фоизи гиёҳванд моддалар савдоси учун жаримага тортилади. Бу энг енгил жазо; бошқалари эса уни атиги икки баравар кам олишади.

Сабаб нимада?

Криминологик ва тарихий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, уруш ва жиноятчилик ўзаро боғлиқ ҳодисалардир. Қуролли можароларга аралашган мамлакатларда одатда қотиллик, талончилик ва жиддий тан жароҳати етказиш каби зўравонлик жиноятларининг кўпайиши кузатилади.

Энг диққатга сазовор кўрсаткич – бу иккинчи жаҳон урушидан бери қуролли можароларга алоқадор барча мамлакатларда кузатилган ҳолат – ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин қотиллик даражасининг ошишидир. Ушбу статистика тадқиқотчилар Ден Арчер ва Розмари Гартнер томонидан аниқланган бўлиб, улар 110 та мамлакатда, иккала жаҳон урушида ва XX асрнинг бошқа 12 та қуролли можаросида иштирок этган мамлакатларда ҳар 100 000 кишига тўғри келадиган қотиллик даражасининг ўзгариши ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилишган.

Бироқ олимлар зўравонлик жиноятларининг кўпайишига олиб келадиган механизмлар бўйича бир фикрга кела олмаган. Турли вақтларда бу натижалар жамиятдаги зўравонликнинг нормаллашиши, уруш ветеранлари томонидан жиддий жиноятлар содир этилиши, уришаётган мамлакатларда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий институтларнинг бузилиши ёки жангарилар иштирок этиши мумкин бўлган уюшган жиноятчиликнинг кучайиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. Шунга қарамай, криминологлар ҳарбий можароларда иштирок этиш – барча иштирокчи мамлакатларда қотиллик ва бошқа зўравонлик жиноятларининг кўпайишига олиб келиши борасида якдил фикрда.

Россиялик психиатр шифокор Денис Рассоханинг изоҳлашича, собиқ жиноятчилариннг Украинадаги урушда жазосиз равишда одам ўлдириб ёки ўғирлик (мародёрлик) қилиб юришгани ва бунинг эвазига пул олишгани уларнинг руҳиятига ёмон таъсир қилган. Улар асли табиатан ҳам шафқатсиз ва девиант хулқ-автор эгаси бўлишган, албатта, аммо урушда иштирок этиш улардаги бу ҳайвоний хусусиятларни баттар кучайтирган.

Вазият қандай тус олиши мумкин?

Албатта, Россия президентининг Украинага уруш очиши манфур ҳодиса сифатида қораланса-да, унинг урушга одам ёллашдаги тактикасига қойил қолиш керак. Путиннинг ўзи айтишича, урушда ўлиб кетиш ёмон ҳодиса эмас. Бу халқнинг ота-боболари ҳам урушда қатнашиб ўлиб кетишган. Қолаверса, Путин урушда ўлганларнинг бевалари билан учрашувда айтганидек, улар пиёнисталиги ёки уйсизлиги (БОМЖлиги) боис бекорга ўлиб кетганидан кўра, урушда ўлгани фойдалироқ. Ҳам рус армиясига фойдаси тегади, ҳам унинг бева қолган хотини ёки етим қолган болалари урушда ўлган боқувчиси ортидан 4-5 тангалик бўлиб қолишади.

Путин жиноятчиларни урушга ташлаб, иккита қуённи урмоқда: жиноятларни қамоқда ушлаб, уларни боқиб харажат қилгандан кўра, ўлдириб юбориш арзонроқ тушади. Қолаверса, улар урушдан қайтиб келиб жиноят қилишса, яна суд қилишади ва яна урушга жўнатишади.

Шунингдек, Путин рус бўлмаган аҳоли орасидан урушга аскар кўпроқ ёллашларини билвосита қўллаб-қувватлаётган кўринади. Бу орқали Москва Россиядаги рус бўлмаган аҳолини ими-жимида йўқ қилаётган бўлса керак.

Халқнинг ҳам жонига тега бошлади

Украинадаги урушда иштирок этгани учун жиноий жавобгарликдан озод қилинган фуқароларнинг мақоми Россия жамоатчилиги томонидан муҳокама қилинмоқда, улар фронтдан қайтиши рецидивизмнинг кучайишига олиб келишидан хавотирга тушмоқда.

Россиядаги “Жиноят қурбонларини қувватлаш фонди” (ЖҚҚФ) оғир ва ўта оғир зўравонлик жиноятларини содир этганларни уруш орқали озод қилиш имкониятини бекор қилишни таклиф қилди. Чунки жиноятчилар урушдан қайтиб келгач, ўз жабрланувчиларига яна таҳдид солиши мумкин. ЖҚҚФ бундай фуқаролар устидан маъмурий назоратни талаб қилди.

ЖҚҚФнинг “Жиноят қурбонлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат ҳолати тўғрисида”ги ҳисоботи ўтган йили март ойида Владимир Путинга, Инсон ҳуқуқлари кенгашига ва Омбудсман Татяна Москалковага юборилган. Муаллифлар урушда иштирок этгани учун жиноий жавобгарликдан озод қилинган фуқаролар томонидан содир этилган жиноятлар қурбонларининг муаммоларига эътибор қаратишган. Фонд уларнинг озод қилиниши жабрланувчилар учун хавф туғдиришидан хавотирда: “Баъзи жабрланувчилар ўз ҳаётлари ва соғлиғи, шунингдек, яқинлари учун хавотир олишаётганини бевосита айтишмоқда”, дея таъкидлайди фонд вакили. ЖҚҚФ жабрланувчиларни уларга қарши ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этган шахсларнинг озод қилиниши ҳақида хабардор қилишни, шунингдек, судланганлиги олиб ташланганми ёки йўқми, қатъи назар, урушда иштирок этгани учун жиноий жавобгарликка тортилиши тўхтатилган барча шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатишни жорий этишни таклиф қилган.

От ўрнини... ҳиндлар босар!?.

Лекин хавотирга ўрин йўқ. Путин ва Моди келишувига кўра Россияга камида 2 миллион ҳинд ишчи мигрантлари олиб келиниши кутилмоқда. Россия ўз нефтини ўта арзон – баррелини 25 доллардан сотаётган эди. Бироқ Моди ҳам Трампнинг босими туфайли Россия нефтидан воз кечди. Шу пайтгача маҳаллий ҳокимият ва полицияга ҳиндлар содир этган жиноятларни яшириш ва панжа ортидан қараш, шов-шув қилмаслик топширилган эди. Энди вазият ўзгарди. Энди ҳиндларни ҳам худди Марказий Осиёдан келган мигрантлар каби турли туҳмат ва алдовлар билан Украина урушига юборишлари мумкин.

Хуллас, Путин тирик экан, Россияда ҳали одамлар бор экан, аскарларни урушга “ем” қилиш тўхтамайди. Бир латифада айтилганидек, ароқнинг нархи ошса, пиёниста ичишни камайтирмайди, унинг болалари ейишни камайтиради холос...

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid