Украина ўз кучига кўпроқ ишона бошладими?
Зеленскийнинг Путин билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш ҳақидаги таклифи халқаро вазият ўзгара бошлаган бир пайтда илгари сурилди. Таҳлилчилар мазкур ташаббусни мажбурий муроса эмас, балки нисбатан ишончли позициядан туриб бошланган дипломатик ҳаракат дея баҳолади.

2026 йил ёзига келиб Россия—Украина уруши янги босқичга кирди. Бу босқич фронт чизиғининг кескин ўзгариши билан эмас, балки можаро атрофидаги сиёсий муҳитнинг ўзгариши билан ажралиб турибди. Бу ўзгаришнинг рамзи сифатида Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Россия президенти Владимир Путинга урушни якунлаш бўйича тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш таклифи билан йўллаган очиқ хати, Кремлнинг жавоби ва томонлар ўртасидаги кейинги дипломатик мулоқотлар намоён бўлди.
Яна бир йил аввал бундай ташаббус Украина заифлашганининг белгиси сифатида қабул қилиниши мумкин эди. Аммо бугунги вазият бошқача кўринмоқда. Киев музокараларни фронтдаги мағлубиятлардан кейин эмас, балки Россия ҳудудининг чуқур қисмидаги объектларга зарба бериш имкониятини намоён қилган бир қатор операциялардан кейин таклиф қилмоқда.
Шу сабабли кўплаб ғарб таҳлилчилари Зеленский ташаббусини мажбурий муроса эмас, балки нисбатан ишончли позициядан туриб бошланган дипломатик ҳаракат сифатида баҳоламоқда.
Зеленскийнинг дипломатик ташаббуси: сиёсий динамикани ўзгартиришга уриниш
Зеленскийнинг Путин билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш ҳақидаги таклифи халқаро вазият ўзгара бошлаган бир пайтда илгари сурилди. АҚШ эътибори тобора кўпроқ бошқа минтақалардаги инқирозларга, аввало Яқин Шарқдаги вазиятга қаратилмоқда. Киев Украина доимий равишда Ғарб ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши бўлиб қолмаслигини яхши тушунади.
Шунинг учун Украина раҳбарияти бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда.
Биринчидан, халқаро ҳамжамиятга тинч сиёсий ечим излашга тайёр эканини кўрсатмоқчи.
Иккинчидан, иттифоқчиларга Украина тинчликка тўсқинлик қилаётган томон эмаслигини намойиш қилишга уриняпти.
Учинчидан, охирги ойлардаги муваффақиятлар ҳисобига ўз музокаравий позициясини мустаҳкамлашдан иборат.
Айниқса муҳим жиҳати шундаки, Зеленский тўғридан-тўғри мулоқотга тайёрлигини Украина Россия ҳудудидаги нишонларга узоқ масофадан зарба бериш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирган бир пайтда билдирмоқда. Киев Россия учун муаммоларни нафақат фронт чизиғида, балки ундан анча узоқда ҳам юзага келтира олишини кўрсатишга интилмоқда.
Шундай қилиб, дипломатик ташаббус ҳарбий стратегиянинг муқобили эмас, балки унинг давомига айланди.
Россия: ҳужумдан ҳолдан тойдириш урушига
Уруш бошланган пайтда кўпчилик томонлардан бири тез орада ғалаба қозонади деб ўйлаган эди. 2026 йил ўртасига келиб эса можаро мутлақо бошқача хусусият касб этгани маълум бўлди.
Россия ҳали ҳам бир қатор муҳим устунликларга эга. У каттароқ аҳоли сонига, йирик мудофаа саноатига, сафарбарлик ресурсларига ва катта ҳажмда қурол-яроғ ҳамда ўқ-дорилар ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бироқ шу билан бир вақтда секинлашиш белгилари ҳам кўзга ташланмоқда. Россия қўшинлари украин позицияларига босим ўтказишда давом этмоқда, аммо илгарилаш суръатлари чекланганлигича қолмоқда. Ҳар бир километр ҳудуд учун катта ресурслар сарфланмоқда. Йирик оператив мақсадларга эришиш учун ойлаб тайёргарлик кўриш талаб этилмоқда.
Бир неча йил аввал Кремл Украина аста-секин ҳолдан тойишини кутиши ва ўзи нисбатан хавфсиз қолишидан умид қилиши мумкин эди. Бугун эса вазият ўзгарди. Россиянинг нефтни қайта ишлаш корхоналари, ўқ-дори омборлари, аэродромлари ва логистика объектлари мунтазам равишда Украина зарбалари нишонларига айланмоқда. Ҳатто тўғридан-тўғри ҳарбий зарар ҳар доим ҳам ҳал қилувчи бўлмаса-да, улкан ҳудудни ҳимоя қилиш зарурати Россия ҳаво мудофааси тизимига қўшимча босим бўляпти.
Россия иқтисодиёти: дефолт чегарасидаги ноаниқлик
Узоқ давом этаётган қарама-қаршиликка Россия иқтисодиёти қай даражада бардош бера олиши энг муҳим масалалардан бири бўлиб қоляпти.
Урушнинг дастлабки йилларида айтилган Россия иқтисодиёти тез орада қулайди деган башоратлар ўзини оқламади. Россия санкцияларга мослашди, аниқроғи собиқ совет республикалари унга санкцияларни айланиб ўтишда фаол ёрдам беришга мажбур бўлмоқда.
Аммо бу муаммолар йўқ дегани эмас. Ҳарбий харажатлар тарихий юқори даражага чиқди. Инфляция ўсмоқда. Малакали ишчи кучи танқислиги кучаймоқда. Кўплаб корхоналар кадрлар етишмаслигига дуч келмоқда. Марказий банк инфляцияни жиловлаш учун юқори фоиз ставкаларини сақлаб туришга мажбур. Иқтисодиёт ишлашда давом этмоқда, аммо бу доимий босим шароитида кечмоқда.
Ҳозирча яқин иқтисодий инқироз ҳақида гапириш қийин, бироқ тобора кўпроқ белгилар тизимли муаммолар йиғилиб бораётганини кўрсатмоқда.
Шу сабабли кўплаб ғарб таҳлилчилари Россия имкониятларининг асосий чекловчиси қурол-яроғ танқислиги эмас, балки ҳарбий ҳаракатларни янада кенгайтиришнинг қимматга тушаётгани эканлигини таъкидлашяпти.
Қолаверса, Путиннинг Россиядаги 2030 йилдаги президент сайловларида ҳам иштирок этишга ва урушни давом эттиришга тайёрлиги ҳамда айрим пропаганда рупорларининг “рус халқи 2030 йилгача урушга, молиявий қийинчлик ва чекловларга тайёр туриши керак” деган баёнотлар россияликларда келажакка умидни пасайтириб юборди.
Путин Зеленскийнинг хатини “сурбетлик” деб атагани ва юзма-юз учрашувга журъат қилмаганига молиявий бозорлар ҳам кескин реакция қилди: турли биржа индекслари тушиб кетди, биткоин нархи пасайди.
Украина: эйфориясиз умид ва ишонч
Агар Россия уруш харажатларининг ошиб бориши муаммосига дуч келаётган бўлса, Украина чекланган ресурслар шароитида омон қолиш вазифасини ҳал қилмоқда.
Украина иқтисодиёти ҳажми жиҳатидан Россияникидан анча кичик. Мамлакат халқаро молиявий ёрдамга ҳануз боғлиқлигича қолмоқда. Сафарбарлик билан боғлиқ муаммолар сақланиб турибди. Инфратузилманинг катта қисми вайрон қилинган ёки зарар кўрган.
Шунга қарамай, Украина яқин вақтгача деярли имконсиз деб ҳисобланган натижаларга эришди. Сўнгги йиллардаги энг муҳим ютуқ мамлакатнинг ҳарбий дрон технологиялари соҳасида жаҳон етакчиларидан бирига айланганидир. Дронлар энди ёрдамчи восита эмас, балки урушнинг марказий қуролига айланди.
Айнан учувчисиз тизимларнинг ривожланиши Украинага Россиянинг сон жиҳатидан устунлигини қисман қоплаш ва жанговар ҳаракатлар географиясини фронтдан анча узоқ ҳудудларга кенгайтириш имконини берди.
Украина раҳбарияти тобора кўпроқ ишонч билан уруш энди фақат позицияларни сақлаб қолиш учун кураш эмаслигини таъкидламоқда. Киевнинг фикрича, у Москва учун уруш нархини босқичма-босқич оширишга қодир.
Бироқ муҳим жиҳат шундаки, ишонч ҳал қилувчи устунлик мавжудлигини англатмайди. Украина ҳамон қурол-яроғ етказиб берилишига, молиявий ёрдамга ва Ғарбнинг сиёсий қўллаб-қувватлашига муҳтож.
Нега музокаралар эҳтимоли паст?
Бир қарашда Зеленский ва Путин ўртасидаги оммавий баёнотлар томонларни музокараларга яқинлаштираётгандек кўриниши мумкин. Амалда эса аксинча ҳолат кузатилмоқда.
Асосий муаммо шундаки, ҳар икки томон ўз ҳолатини етарлича кучли деб ҳисоблайди. Россия ўзининг демографик ва иқтисодий устунлигидан фойдаланиб босимни давом эттириш мумкин деб ўйламоқда. Путининг империяни қайта тиклаш борасидаги хомхаёллари ва қайсарлиги боис ҳали бери уруш тўхтамаслиги мумкин.
Украина эса Россия иқтисодиёти борган сари чўкиб бориши ва Киевнинг технологик устунликлари вақт ўтиши билан кучайиб боришига ишонмоқда.
Томонлар келажакда ўз позицияларини янада яхшилаш мумкин деб ҳисоблаётган экан, муросага келиш учун рағбат ҳам чекланган бўлиб қолади.
Шунинг учун бугунги дипломатик фаоллик кўпроқ халқаро жамоатчилик фикри учун сиёсий кураш элементига ўхшайди. Яқин орада тинчлик келишуви имзоланишига ишора қилувчи омиллар ҳали мавжуд эмасдек кўринади.
Абулфайз Сайидасқаров
