platina.uz

Қашқадарёда ИИБ бошлиғи ва прокурор ўртасида келишмовчилик юзага келди

Бош прокуратура ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Жамият
16 май 2023 йил
Қашқадарёда ИИБ бошлиғи ва прокурор ўртасида келишмовчилик юзага келди

Ижтимоий тармоқларда ички ишлар бўлими бошлиғи шаҳар прокурорининг ноқонуний талабларини бажаришни рад этганлиги ҳақида видео тарқалганди.

Аниқланишича, фуқаро Б.Хадиев тегишли ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига кириш дарвозаси ёнида савдо дўконини қуриб олган бўлиб, савдо дўкони тез тиббий ёрдам машиналарининг шифохона ҳудудига кириб – чиқишига тўсқинлик қилганлиги ва фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётганлиги учун Б.Хадиев ноқонуний қурилмани ихтиёрий бузиб олиш тўғрисида бир неча марта огоҳлантирилганлиги ва маъмурий жавобгарликка тортилганига қарамасдан, ноқонуний қурилишни бартараф этиш чораларини кўрмаган.

Мазкур ҳолат Қарши шаҳар прокурори томонидан назоратга олинган бўлиб, шу йил 13 апрель куни Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги 4-сонли ИИБ бошлиғи А.Жўраев мутасадди идоралар билан биргаликда Б.Хадиевга ноқонуний қурилмани ихтиёрий бартараф этиш бўйича кўрсатма бериш учун борган.

Шу вақтда Б.Хадиевнинг турмуш ўртоғи масъул ходимларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларни хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишига мажбурлаш мақсадида савдо дўконини бузмаслигини билдириб, кийимларига бензин сепиб, ўзини-ўзи ёқиш билан қўрқитган, дейилади Бош прокуратура маълумотида.

Сўнгра, А.Жўраев ўзига юклатилган вазифаларни бажаришдан бўйин товлаб, фуқарога ноқонуний қурилмани ихтиёрий бартараф этиш ҳақидаги далолатномани топшириш чораларини кўрмасдан, сохта обрў орттириш мақсадида шаҳар прокурорининг ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажариши ҳақидаги талабига нисбатан гўёки прокурор фуқаро манфаатларига зид ҳаракат қилаётганлиги ҳақида асоссиз важлар келтириш орқали эътироз билдирган.

Маълумот ўрнида, Б.Хадиев томонидан ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний бино ихтиёрий бартараф этилмаганлиги сабабли, Кадастр агентлиги Қарши шаҳар бўлими томонидан судга киритилган даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 05.05.2023 йилдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, жавобгарга ноқонуний қурилмани мажбурий тартибда буздириш ва ер майдонини фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириш мажбурияти юклатилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+