Президент: “Тарихий танлов олти йил олдин бошлаган ислоҳотларимизга халқимизнинг катта ишончини яна бир бор намоён этди"
Айни пайтда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари билан референдум якунларига бағишланган учрашув бўлиб ўтмоқда.

Учрашувда сўзга чиққан президент Шавкат Мирзиёев аввал Конституция бўйича референдум якунларига тўхталди.
“Хабарингиз бор, шу йил 30 апрель куни мамлакатимиз ҳаётида ҳеч шубҳасиз том маънодаги улкан тарихий воқеа бўлиб ўтди. Биринчи марта умумхалқ референдуми асосида янгиланган Конституциямизни қабул қилдик.
Референдумда иштирок этган фуқароларимизнинг мутлақ кўпчилиги “Бу – менинг Конституциям”, деб ғурур билан овоз берди.
Референдум кейинги йилларда халқимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқараши нақадар юксалганини амалда кўрсатди.
Ушбу тарихий танлов орқали халқимиз бундан олти йил олдин бошлаган ислоҳотларимизга катта ишонч билан қараб, уларни тўла қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди", - деди давлатимиз раҳбари.
Эл-юртимизнинг ана шундай азму қарори асосида давлатчилигимиз ва иқтисодиётимизни бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратилгани қайд этилди.




