Тожикистонга Ўзбекистон аэродромларидан фойдаланишга рухсат берилди
Бугун сенаторлар маъқуллаган қонунга кўра, форс-мажор ҳолатлари юзага келган тақдирда томонлар давлат ҳаво ҳудудини қисқа муддатли кесиб ўтишга, ўз аэродромларидан бирига захира сифатида қўниш учун рухсат беришга ҳақли.
Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида форс-мажор ҳолатларда давлат авиацияси ҳаво кемалари томонидан ҳаво ҳудуди ва аэродромлардан фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Душанбе, 2021 йил 10 июн) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Мазкур битимнинг асосий мақсади форс-мажор ҳолатларда давлат авиацияси ҳаво кемаларининг ҳаво ҳудуди ва аэродромлардан фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилишнинг ягона тартибини белгилашдан иборат.
Ҳужжатга мувофиқ, форс-мажор ҳолатлари юзага келган тақдирда томонлар давлат ҳаво ҳудудини қисқа муддатли кесиб ўтишга, ўз аэродромларидан бирига захира сифатида қўниш учун рухсат беришга ҳақлилиги назарда тутилган.
Ҳужжатнинг ратификация қилиниши парвозлар хавфсизлигини янада таъминлашга хизмат қилади.
Сенаторлар мазкур Битимнинг ратификация қилиниши икки мамлакат ўртасидаги конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлишини, бу минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишига хизмат қилишини таъкидлади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.