platina.uz

Россияга қарши янги санкциялар тайёрланмоқда

АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа бир қатор давлатлар Россияга қарши янги санкциялар тайёрлашмоқда. Улар ўз ҳаракатларини мувофиқлаштириш ниятида.

Жаҳон
3 май 2023 йил
Россияга қарши янги санкциялар тайёрланмоқда

Бу гал ташаббусчи мамлакатлар аввалги санкциялар пакетларидаги “бузиб ўтиш мумкин бўлган” бўшлиқларни ёпиш ва санкцияларни эҳтимолий четлаб ўтишларнинг олдини олишга эътибор қаратишмоқда.

Аввалроқ АҚШ барча G7 давлатларидан Россияга экспортни бутунлай тақиқлашни таклиф қилган, бироқ Япония ва ЕИ бунга рози бўлмаган эди.
Кутилаётган янги санкцияларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, улар АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар томонидан мустақил равишда киритилади, бироқ бошқалар билан мувофиқлаштирилади, деб ёзган Bloomberg хабардор манбаларига таяниб.

Асосий мақсад – янги чекловлар киритиш эмас, балки шу пайтгача татбиқ этилган санкцияларни четлаб ўтишга барҳам беришдан иборат, дейишган нашр манбалари. Ушбу янги режалар ҳақида шу ойда Японияда бўлиб ўтадиган “Катта саккизлик” давлатлари раҳбарларининг учрашувида маълум қилинади. Саммитда етакчилар Россияга қарши қайси чоралар самара бергани ва яна қандай вариантлар қолаётганини ҳам муҳокама қилишади. Шу пайтгача киритилган чекловлар инобатга олинса, санкциялар учун янги соҳаларни топиш осон бўлмайди.

Янги санкциялар пакети Европа Иттифоқи учун 11-пакет ҳисобланади.

Муҳокама қилинадиган чоралар орасида – кўплаб товарларни Россия ҳудуди орқали транзит қилишни тақиқлаш ва навигацион тизимларини ўчириб қўядиган кемаларга нисбатан чеклов киритиш ҳам бор.

Шунингдек, тахминан 30 кишига нисбатан персонал санкциялар жорий этилиши ҳам мумкин.

Аввалроқ, АҚШ ҳукуматининг янги санкциялар пакетидан россиялик миллиардер Алишер Усмоновга қарашли USM ҳолдинги ҳамда унинг таркибидаги "Металлоинвест", "Мегафон" компанияларига қарши чекловлар ҳам жой олгани маълум бўлганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+